Бугунги ҳаракат – эртага ҳам натижа берсин

 

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аҳоли яшайдиган масканларни обод қилиш ва халқ учун муносиб шароитлар яратиш борасида кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда.

Бунга ҳар қадамда гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шундай экан, пойтахтимиздаги бир қатор маҳаллаларда ҳам курилиш, ободонлаштириш ишлар жадаллашмоқда. Буни ҳар биримиз ўз маҳалламиз ва унинг атрофидаги ўзгаришлардан кўришимиз мумкин.

Бироқ “Обод маҳалла” давлат дастурида кўзда тутилган бир қатор лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда камчиликлар ва иш сифатига оид жамоатчиликдан таклифлар, эътирозлар келиб тушмоқда.

Танқид аслида келажак меваси.

Шунингдек, Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Наврўзобод маҳалласида жойлашган 43-53 кўп қаватли уйлар атрофини обод қилиш дастурга киритилган бўлсада, мана икки ҳафта давомида қурилиш ишлари олиб борилмаяпти. Шундай экан, ушбу масала жойида ўрганилганда қурилиш материаллари ўз вақтида етиб келмаганлиги ва қурувчи ишчи кучининг етишмаслиги натижасида шундай ҳолатлар юз бераётганлиги баҳона қилинади. Ваҳоланки, камчиликларнинг олдини олиш учун масъуллардан самарали ва тизимли ишларни йўлга қўйиш талаб этилади.

Ҳудди шунингдек, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, “Боғсарой” маҳалласида жойлашган 12, 6, 8, 10, 16, 18, 20,22 уйларнинг олди қисмида ҳам “Обод маҳалла” дастурининг сифатли ва самарали амалга оширилиши билан боғлиқ ҳолатлар кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Бу борада ҳам ижро этувчи тузилмаларнинг масъулиятини ошириш, шошма-шошарликга берилмасдан, сифат ва энг муҳими, одамлар учун қулай шароитларни юзага келтириш муҳим. ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши фаоллари томонидан ўрганишлар олиб борилганида бу ҳудудда ҳам муаммолар етарлилига, ишлар чала амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Жамоатчиликнинг эътирозлари асосли.

Бир нарса аниқ. Биз дастурлар ижросида депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз керак, бусиз керакли натижага эришолмаймиз. Ушбу муаммоли масалаларни чуқур ўрганган ҳолда уларга ечим топиш учун Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига тегишли тавсияларимизни бердик. Тез орада шаҳар кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи Тошкент шаҳар ҳокимиятига тегишли сўровнома киритишни режалаштирмоқда.

Бу борада Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши ва партия депутатлари томонидан ўрганишлар давом эттирилади.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Ахборот хизмати

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш