Шу йилнинг 28 июнида ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида психотроп дориларнинг эркин сотилишига тааллуқли пост чоп этилди. Айрим тармоқ фойдаланувчилари мамлакатимизда “ҳар бир қадамда” психотроп моддалар сотилаётгани муносабати билан “жудаям қайғули” ҳолат юзага келганини қайд этишади. Қайд этиш керакки, дориларнинг бундай турини шифокор рухсатисиз қўллаш инсоннинг марказий-асаб тизими ва бошқа органларига салбий таъсир кўрсатади. Бу моддалар шифокор тавсиясисиз истеъмол қилинса, инсон ҳаётига жиддий зарар етказишига қарамай, уни яширин йўл билан олиб киришга уринишлар ҳамон давом этаётгани жуда ачинарли ҳолдир. Маълумотларга кўра, бундай разиллик республикамизнинг Тошкент шаҳри ҳамда айрим вилоятларида кўп учрамоқда.
Мазкур дорилар истеъмол қилган кишини наркологик касалликларга йўлиқишига сабаб бўлади. Энг ёмони, бу дориларни ёш болалар ва ўсмирларга алдаб сотиб, уларни гиёҳвандлик кўчасига киришларига ҳаракат қилинаяпти. Мутахассисларнинг таъкидлашича, аслида психотроп дорилар шифокор тавсиясига кўра, неврология, тутқаноқ, онкология, кучли оғриққа қарши ва офталмологлар томонидан кўз касалликларини аниқлашда ишлатилади. Ушбу дорилар таркибида наркотик моддалар мавжуд. Улар мамлакатимиз қонунчилигига кўра, расман наркотиклар рўйхатига киритилган. Мазкур дориларни жарроҳлик операцияларида оғриқсизлантириш мақсадида меъёр билан қўллаш мумкин. Аммо узоқ муддат қўлланилса ёки нотиббий мақсадда фойдаланилса, ўзига нисбатан руҳий ва жисмоний тобеликни юзага келтиради.
Албатта, Ўзбекистон Халқ демократик партияси жамоатчиликнинг бу ҳаётий муаммога оид эътирозлари, назоратсизликка оид шикоятлари ўринли эканини эътироф этади. Ҳақиқатда сўнгги вақтларда психотроп ва енгил наркотиклар сотуви билан боғлиқ мавзу ижтимоий тармоқларда биринчи марта кўтарилаётгани йўқ. Хусусан, олдинроқ, «Facebook» ижтимоий тармоғида республика шаҳарлари бўйлаб наркотик моддаларни “ташиш” билан боғлиқ бўш иш ўринлари тўғрисидаги реклама, наркотик воситаларни сотиш бўйича телеграм каналларда реклама кўринишидаги граффитилар қизғин муҳокама қилинган эди.
ЎзХДП ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни инсон саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи психотроп моддалар савдосини жиддий назорат остига олишга чақиради. Тўғри, кейинги пайтларда ноқонуний дори воситалари билан шуғулланаётган кўплаб оғуфурушлар қўлга олинаяпти. Ушланганлар мусодара қилинган дори воситаларига сертификатлар бошқа мувофиқлик ҳужжатларини тақдим эта олишмаяпти. Бу эса, уларнинг республика ҳудудига ноқонуний олиб кирилганини исботлайди. Албатта, қонунларда жазо турлари кучайтирилди. Аммо биз тегишли органларни ҳушёрликни йўқотмаган ҳолда ёшларимизнинг ножўя ҳаракатларини назорат қилишга, жиноятнинг бу турига нисбатан муросасиз бўлишга даъват этамиз.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати