Ўзбекистон Халқ демократик партияси Вобкент тумани Кенгаши ташаббуси билан Вобкент тумани марказидаги “Наргиза” истироҳат боғида “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!” шиори остидаги тарғибот тадбири ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли тарзда очиқ майдонда ўтказилди.
— Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш нафаси нафақат амалга татбиқ этилаётган ислоҳотларда, ҳаттоки партияларнинг ҳар бир ҳаракатида ўз аксини топаётир, — дейди тарғибот тадбирини кириш сўзи билан очиб берган Халқ демократик партияси Вобкент туман кенгаши раиси Мақсуд Мустафоев. — Тараққиётнинг янги демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда янги парламент ва янги маҳаллий кенгашларни сайлаш учун янгича руҳдаги сайлов кампанияси бошланди. Бу жараёнга янгича қарашлар, янгича ғоялар билан кириб келаяпмиз. Бунга жавобан сайловолди тадбирларимизни халқ орасида ўтказаяпмиз. Мана бугунги тантана бунинг ёрқин далилидир.
Шундан сўнг Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Олим Бақоев сўзга чиқиб одамларни ўйлантириб келаётган, партия Сайловолди дастурига киритилаётган долзарб ижтимоий масалалар хусусида гапириб ўтди.
Тарғибот тадбири доирасида Бухоро шаҳридаги 27- махсус мактаб интернатининг имконияти чекланган ўқувчиларининг қўл меҳнати маҳсулотлари аукцион савдосига қўйилди.
Тадбирга машҳур эстрада хонандалари чиқишлари кўтаринки ва байрамона кайфият улашди. Болалар иштирокида ўтказилган турли ноанъанавий ўйинлар ғолибларига совғалар берилди.
Иштирокчиларнинг тадбир ҳақидаги фикрлари, таассуротлари билан қизиқдик:
Мен Малика Содиқова, Вобкент туманидаги 20-мактаб ўқитувчисиман, — дейди иштирокчилардан бири мамнунлик билан.— Бундан олдин бошқа партияларнинг тарғибот тадбирига иштирок этгандим. Аммо менга Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг тарғибот тадбири менга жуда маъқул бўлди. Лоторея ўйинида ютуқ чиқиб, совғаларга эга бўлдим. Биз ХДП билан биргамиз!
Мусиқа тувушини эшитиб, маҳалламиз кекса отахонларини ҳам бу ерга бошлаб келди,— дейди Одил Рўзиев.— Кўнгил очар тадбирлар туманда камдан-кам ўтказилади. “Наргиза” Истироҳат боғида ташкил этилган тадбир барчамизни ҳайратлантирди. Мириқиб томоша қилдик. Партиянинг бундан-да зўр ғоялар билан чиқишига ишонамиз.
— Тадбирдан жуда кўп тассуротлар билан қайтаяпмиз. Айниқса, имконияти чекланган ёшларнинг қўл меҳнати билан бунёд этилган маҳсулотларининг аукцион кўргазмаси ташкил этилгани кўпчиликка манзур бўлди, — дейди Зафар Эргашев. — Қизалоқларнинг хурсандлигини кўриб, рости, кўзимга ёш келди. Саховатли инсонларнинг болажонлар яратган картиналарни 250 минг сўмгача баҳолашганини инсонийлик нуқтаи назаридан олий ҳиммат деб биламан. Тадбирнинг мана шу қисмини энг кулминацион нуқта бўлди, десам муболаға бўлмайди. Бугунги тадбир янгича шаклда ўтиб, ҳар хил викторина ва лоторея ўйинлари ташкил этилиши иштирокчиларни зериктирмади.
Якуний қисмда тадбир иштирокчиларига сайловлар, сиёсий партиялар ва мамлакатимиз парламенти фаолияти ҳақида саволлар берилди. Саволларга биринчи ва тўғри жавоб берган қатнашчилар ҳам совғаларга эга бўлди.
Ўйин-кулгу ва бетакрор лаҳзаларга бой тарғибот тадбири кўтаринки руҳда ўтди.
ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.