Аҳолини дори-дармон билан таъминланиши депутатлар этиборида

 

Ўтган йилнинг баҳорида мамлакатимизга коронавирус пандемияси кириб келиши муносабати билан дори-дармонларга бўлган талаб ошди. Айрим дори-воситаларининг нархи асоссиз оширилиши кузатилди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, фуқароларнинг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 мартдаги «Аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Қарор ижросини таъминлаш юзасидан Хорзам вилоятнинг Хонқа туманида ҳам тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгашидаги Халқ демократик партияси гуруҳи ташаббуси билан туманда тиббиёт бирлашмаси фаолиятида қарор ижроси бўйича ўрганиш ишлари ўтказилди.

Маълумотларга кўра, туман тиббиёт бирлашмаси таркибида 380 та қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, ҳар бири 100 қатновга мўлжалланган 6 та оилавий поликлиника ва 2 та қишлоқ врачлик пункти, қабул-диагностика бўлими, 30 ўринли шошилинч тез ёрдам бўлими, 100 ўринли терапея бўлими, 55 ўринли болалар бўлими, 85 ўринли туғруқ бўлими, 20 ўринли гинекология бўлими, 35 ўринли юқумли касалликлар бўлими, стрелизация бўлими, лабаратория бўлими, ошхона, кирхона ва хўжалик бўлимлари фаолият юритади. Бирлашма таркибидаги даволаш профилактика муассасалари доимий равишда “Саломатлик-2” ва “Саломатлик-3” дастурлари бўйича замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан янгиланиб борилмоқда.

Ўтган йил давомида тез ёрдам бўлимига 36122 та чақирик келиб тушган бўлиб, битта чақириққа сарфланган дори-дармон 5554 сўмни ташкил қилган. Автомашиналар 14 та бўлиб, жумладан, 1 та “Nissan” русумли реномобил мавжуд. Шифокор бригадалари сони 14 та, тумандаги чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларимизга кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизматини яхшилаш мақсадида 3 та тез тиббий ёрдам шаҳобчалари ташкил қилинди ва бугунги кунда аҳолига фаолият кўрсатиб келмоқда.

Туман маҳаллий бюджетидан тиббиёт бирлашмасига 2020 йил март ойидан шу кунга қадар 20 702 352 сўм миқдорида дори-дармон воситалари учун маблағ ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар ҳисобидан керакли дори-дармонлар сотиб олинган.

Жорий йилда мавжуд 6 та оилавий, 2 та оилавий шифокорлик пунктини моддий техник базасини яхшилаш, тиббий бригадаларни ЭКГ, электрон тарози, планшетлар билан таъминлаш, тиббиёт бирлашмасига қарашли 48-сонли оилавий поликлиника қошидаги тез тиббий ёрдам шаҳобчаси, 50-сон оилавий поликлиника қошидаги тез тиббий ёрдам шаҳобчаси негизида 2 та оилавий шифокорлик пункти ташкил этиш кўзда тутилган.

Ўрганиш жараёнида туманда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни изчил амалга оширилиши, оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларини замонавий тиббиёт ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини оширишга янада эътибор қаратиш лозимлиги тавсия қилинди. Бу борадаги чора-тадбирлар партиямиз депутатларининг доимий назоратида бўлади.

 

ЎзХДП Хонқа туман кенгаши

← Рўйхатга қайтиш