Австралиялик қўлсиз-оёқсиз туғилишига қарамасдан дунёнинг таниқли мотивацион учрашувлар ташкилотчисига айланиб улгурган Николас Вуичич ҳақида кўп эшитганмиз. Тақдир уни шафқатсиз равишда имконияти чекланган қилиб яратди. Ё қўли, ё биргина оёғи бўлганда ҳам майли эди-я, ахир у на қўлсиз, на оёқсиз дунёга келган. Шунга қарамасдан у ҳаётда матонат билан курашиб яшаб келмоқда. Ўзининг илғор ғоялари, кенг дунёқараши билан кўплаб асарлар яратмоқда, мотивацион учрашувларда кўнгли чўкиб қолган одамларга умид бағишловчи маърузалар қиляпти.
Николаснинг ҳаёти ҳақида жуда кўп ёзилган, китоблар, мақолалар, шеърлар нашр қилинган. Уни дунёнинг қай бурчагига борсангиз ҳам матонат тимсоли сифатида жуда яхши танишади. Николасга ўхшаб кетадиган инсонлар Ўзбекистонда ҳам йўқ эмас. Улардан бири Хоразмнинг Хонқа туманида туғилиб вояга етган Нилуфар Аҳмедовадир.
Нилуфарнинг икки оёғи соппа-соғ бўлса ҳам, тақдир уни қўлсиз, бармоқларсиз дунёга йўллади. Кулиб турган юзларида ўзбекона латофат, кўзларида ҳаётга муҳаббат ва ишонч балқиб турган 21 ёшли бу қиз имконияти чекланган бўлишига қарамасдан жуда катта муваффақиятларга эришмоқда.
У болаликдан сузишни жуда яхши кўрарди. Отаси Илҳомбой, гоҳ эса онаси Ҳурматойлар уни сузиш ҳавзаларига олиб бориб, сузиш бўйича машқлар ўтказишарди. Бу унга жуда асқотди. Ўшанда улар Нилуфарнинг Паролимпия ассоциациясининг сузиш мусобақаларида иштирок қилиб, 3 та олтин медални қўлга киритиб, 3 карра Ўзбекистон чемпиони бўлишини хаёлига келтирибдими дейсиз.
Урганч давлат университети II босқич талабаси бўлишига қарамасдан Нилуфар Аҳмедова ҳамиша жамоат ишларида фаол иштирок қилади. У Республика Ёшлар маркази Хоразм вилоят бўлимининг “Инклюзив таълим” тўгараги раҳбари. Шунингдек, у ҳар доим турли хил кўрик-танловларда иштирок қилиб, ўз билим-савия, куч ва иродасини чиғириқдан ўтказишни яхши кўради.
2017 йилда у “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши иннавотцион лойиҳаси” республика биринчи танловида иштирок қилиб, республика босқичида ғолиб деб топилиб, диплом билан тақдирланди. Ўтган 2018 йили эса Республика имконияти чекланган ёшлар ва болалар марказининг “Ҳаммаси ўз қўлингда” лойиҳасида фаол иштироки учун Ташаккурнома билан тақдирланди. “Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш: миллий ва хорижий илғор тажрибалар” халқаро конференциясида фаол иштирок қилди. Ўша йили “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони соҳибаси бўлган.
– Халқ демократик партияси менинг ҳаётимда катта аҳамият касб этади. Партияга аъзо бўлганимга бир йил бўлди. Партиямиз сафини меҳр-шафқатли, ўзгалар дарди-ташвиши билан куйиб-ёнадиган чинакам фидойи инсонлар тўлдириб туради, деб биламан. Чунки партияга аъзо бўлиб кирган кунимданоқ ХДП Хоразм вилоят кенгаши раҳбарияти менинг мотивоцион ғояларни амалга оширишимга яқиндан кўмаклашиб келмоқда, – дейди биз билан суҳбатда Нилуфар Аҳмедова.
Некбинликка йўғрилган тиниб-тинчимас бу қиз бир пайтлари “Менинг Юртим” (“MY5”) телеканалида “Марказдагилар” кўрсатуви бошловчиси бўлган. Эндиликда эса Хоразм радиосида “Замонамиз одамлари” номли эшиттириш муаллифи ҳамдир.
Нилуфар яқинда Россия Федерацияси Ставрополь шаҳрида бўлиб ўтган “Талабалар баҳори” III халқаро фестивалида фаол иштирок қилиб қайтди. У ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, имконияти чекланган инсонлар билан ишлашда чет эл тажрибасини қўллаш ниятида экани ва бу борада ХДП яқин кўмакчиси бўлишига ишонч билдирди.
– Мана, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга депутатлик сайловлари бўлиб ўтишига ҳам оз муддат қолди, – дея гурунгни давом эттиради Нилуфар Аҳмедова. – ХДП сафида, унинг тарафдори бўлиш – бу менинг ўз кўнгил танловим. Ахир “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!” деган шиорни баралла айтиш учун кўнгил меҳр-оқибат билан лиммо-лим тўлиб-тошган бўлиши керак...
Нилуфар ХДПга аъзоликка орзуманд, ўз танлов ва режаларини шу партия мақсад ва ғоялари атрофида бирлашиб рўёбга чиқаришга интилажак ёшлар жуда кўплигини ҳам таъкидлайди. Бу эса, албатта ХДП ёрқин келажак сари одимлаётганидан дарак беради.
Эрпўлат БАХТ,
журналист