Қадамингиз қутлуғ бўлсин, ёш юртдошимларим!

 

Ассалому алайкум, гўзал ва бетакрор юртимнинг АЗИЗ ЁШЛАРИ!

Янги Ўзбекистонимизнинг бахтиёр ворислари!

Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонидан юртимиз ёшларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик ва улкан эътибор туфайли мамлакатимизда Ёшларга оид давлат сиёсатининг янги босқичи бошланиб, давлатимиз раҳбари алоҳида эътироф этган “Ўзбекистон ёшлари ҳаётидаги туб бурилишлар йили”да нишонланаётган – Ёшлар куни байрами билан Сиз азизларни чин юракдан муборакбод этаман!

Маълумки, бундан тўрт йил муқаддам – 2017 йилнинг 30 июнь куни Президентимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган эди. Ушбу сананинг Ёшлар куни байрами сифатида Мустақиллигимиз солномасидан муносиб ўрин эгаллагани нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлган эди.

Ўтган давр мобайнида юртимизда амалга оширилган бунёдкорликлар, барча соҳалардаги туб ислоҳотлар, ҳаётимиздаги шиддатли ўзгаришлар, эзгу янгиланишлар, аввало, ёшларимиз келажаги учун, уларнинг озод ва обод ватанда, ҳеч кимдан кам бўлмай, бахтли ҳаёт кечириши, илм олиши, ҳунар эгаллаши, ўзидаги бор қобилият ва истеъдодни ёрқин намоён этиб, юртимиз довруғини, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсини янада оширишга ҳисса қўшадиган етук, баркамол авлод бўлиб вояга етиши, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун қилинаётган сайъ- ҳаракатлар эканини бугун барчамиз яхши англаб турибмиз.

Биз ишонамизки, сиздай шижоатли, ғайратли, ватанпарвар ёшларимиз бор экан, юртимиз янада гуллаб-яшнайди. Азиз халқимиз янада фаровон ҳаёт кечиради.

Биз дунёларга эмас, дунёлар бизга хавас қилади.

Кўзлаган юксак марраларимизни дадиллик билан забт этаверамиз!

Шак-шубҳа йўқ, янги Ўзбекистонимизнинг ёрқин истиқболини, эртанги келажагини муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида Сиз билан биргаликда қурамиз!

Зеро давлатимиз раҳбарининг: "Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман», деган гаплари ҳар бир ёшнинг қалбга кўтаринки руҳ бағишлаши, ёрқин келажакка бўлган юксак ишончини мустаҳкамлаши ва шу билан бирга, Ўзбекистон Президентига бўлган ифтихор туйғусини уйғотиши шубҳасиздир.

Барчамиз яхши биламиз, бугун олдимизга улкан марралар қўйганмиз. Муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида она ватанимизда Учинчи ренессанс пойдеворини яратишга киришдик. Ишонамизки, мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда сиз азиз фидойи ва ватанпарвар ёшларимиз фаол иштирок этиб, муносиб ҳиссангизни қўшасиз.

 

АЗИЗ ЁШЛАР!

Сизларни яна бир бор бугунги байрам – ёшлик, шижоат, куч-қудрат ва матонат айёми билан, чин дилдан муборакбод этиб, ўқиш ва ишларингизда, оилавий ҳаётингизда улкан зафарлар тилайман!

Энг баланд чўққиларни забт этишга шайланган қанотларингиз метиндай мустаҳкам, бахтли келажак сари босган қадамларингиз қутлуғ бўлсин азиз ёш юртдошимларим!

 

Зулайхо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш