Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — Президентлик сайлови эшик қоқмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг бу сайловга катта режалари бор. Март ойининг бошида партиямиз сайловда иштирок этиши муносабати билан номзодимиз дастурини ишлаб чиқишга киришдик. Дастур деярли тайёр ва таҳлилдан ўтказилмоқда.
Биз аввалги сайловолди дастурларини таҳлил қилдик, ғояларимизнинг асосий қисми амалга ошмоқда, қонунлар қабул қилинди, ўзгаришлар бошланди. Шу сабабли уларга янгича нуқтаи назардан разм солдик, халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳам ҳисобга олдик. Ғоялар, таклиф-ташаббуслар кўп. Сайловда партиямиз кўтарадиган масалалардан бири бу – табақалаштирилган ёки ҳашамат солиғини жорий этиш бўлади.
Мамлакатда бой ва камбағал аҳоли гуруҳлари ўртасидаги фарқ сезиларли даражада ошиб бормоқда. Даромадга ва мол-мулкка қараб, табақалаштирилган солиқ жорий этиш адолатли солиқ солиш тизимини яратишга хизмат қилади. Бу ерда гап қимматбаҳо товарларга, масалан, ҳашаматли кўчмас мулк, қимматбаҳо машина ва заргарлик буюмларига солиқ солиш тўғрисида кетмоқда. Бу нима учун муҳим?
Гап шундаки, бугунги пандемия шароитида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғирлашди. Уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда, 4-5 миллион атрофидаги камбағаллар сонини камайтиришда адолатли ва табақалаштирилган солиқ самарали усуллардан бири ҳисобланади.
Айтиш жоизки, коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий таъсири жуда катта ва кўпайишда давом этмоқда, дунё 80 йил ичидаги энг катта иқтисодий пасайишга дуч келди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 24 июнь куни Европарламентдаги чиқишида бойликка солиқ жорий қилиш орқали олинган маблағ инсониятнинг пандемиядан кейинги ижтимоий-иқтисодий тикланишига ёрдам беришини таъкидлади.
«Ўтган бир йил ичида дунёнинг бой одамлари мол-мулки 5 триллион долларга кўпайди. Мен ҳукуматларни дунёнинг бадавлат одамлари, жумладан, пандемиядан даромад олганларнинг мол-мулкига нисбатан бирдамлик солиғини ёки бойлик солиғини жорий қилиш имкониятини кўриб чиқишга чақираман. Уларнинг мол-мулкидан ундирилган солиқ маблағлари ижтимоий-иқтисодий тикланиш лойиҳаларини молиялаштиришга жалб қилиниши керак», деди у.
Жаноб Гутерришнинг таъкидлашича, юз миллионлаб одам қашшоқлик ёқасига келиб қолган, бир хил мамлакатлар хонавайрон бўлиш хавфи билан юзма-юз бўлиб турибди.
БМТ маълумотларига кўра, 2020 йил охирида дунёда 88 миллиондан кўпроқ одам очарчиликдан азият чеккан. Бу эса 2019 йилдагига нисбатан 20 фоиз кўпроқни ташкил қилади. 2021 йилга прогнозлар ҳам ушбу хавотирли тенденциянинг давом этишини кўрсатмоқда. Шунинг учун бутун дунёда очарчиликка қарши кураш ва унинг пайдо бўлишига олиб келувчи инқирозларни тўхтатиш бўйича чақириқлар янграмоқда.
Пандемиянинг иқтисодиётга, аҳоли турмушига етказадиган зарар асоратлари кейинги бир неча йил ичида сақланиб қолади. Бундай вазиятда давлат ва жамият кўп нарсага тайёр туриши керак. Пандемия билан боғлиқ инқирозли вазиятда Халқ демократик партияси учун аҳолининг ижтимоий ҳимояси биринчи ўриндаги вазифага айланиши зарур.
Бугун табақалаштирилган солиқ устида ҳатто энг ривожланган давлатлар ҳам бош қотирмоқда. АҚШни мисол тариқасида олайлик. Президент Жо Байден хусусий сектор учун солиқларни оширмоқчи. Энг бақувват бойлар, мулкдорлар тизимга кўпроқ ҳисса қўшиши кераклигини айтиб, улар учун ўтган йилларда яратилган имтиёзлар бекор қилинишини талаб қилмоқда. АҚШ ҳам ўрта синф учун солиқни оширмоқчи эмас, чунки у аллақачон энг юқори миқдорда тўламоқда. АҚШда корпорацияларнинг раҳбарлари ҳозирда ходимидан 370 мартадан кўпроқ даромад топади. Бу Байден фикрича, ўта адолатсиз иқтисодий ва ижтимоий ҳолат.
Кейинги пайтларда Германияда ҳам ҳою-ҳавас солиғини ошириш чақириқлари янграмоқда. Чунки бир томонда бойлик, иккинчи томонда камбағаллик, улар ўртасидаги жарлик фарқи ошиб бормоқда. Шу сабабли Германия сўл партияси 50 миллион евродан юқори фойда топадиган кишилар даромадининг 10 фоизини ҳашам солиғи сифатида ундириш таклифини илгари сураяпти.
Ҳашамат солиқлари самарадорлигига ишончсизлик билан қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Яъни, солиқ тўловчи табақалаштирилган солиқ мавжуд бўлмаган мамлакатларда харидни амалга ошириши ёки ҳою-ҳавас нарсаларини солиқ даражаси паст минтақада рўйхатдан ўтказилган юридик шахс номига расмийлаштириши ҳам мумкин.
Шу сабабли солиқ бобида бундай ташаббусни илгари сурар эканмиз, уни тўлашдан бўйин товлаш ҳолларига қарши кураш масаласини ҳам бирйўла ҳал этиш таклифини кун тартибига қўймоқчимиз. Аҳолини ижтимоий ҳимоялашни кучайтиришда яна бошқа моддий манбалар ҳам бор. Хусусан, ҳашаматли ипотека уйларини қураётган компаниялар ва тижорат банклари даромадидан мажбурий ажратмалар олиб қолиш тартибини қонунан жорий этиш мумкин. Бу маблағлар махсус фондларга йўналтирилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, уй-жойи йўқ, яшаш шароити жуда оғир аёллар, «Меҳрибонлик» уйларидан чиққан битирувчилар учун арзон уй-жой қуриш кўзда тутилади.
Халқ демократик партияси пандемия ва ундан кейинги даврда кам даромадли юртдошларимиз дуч келаётган муаммоларни енгиллаштириш бўйича мамлакатимизда янгича тизим жорий этиш, ижтимоий-иқтисодий имкониятлари чекланган кишиларнинг манфаатларини ҳимоялаш зарур, деб ҳисоблайди.
Бойлар кўпроқ тўлаши, ижтимоий масъулиятни зиммасига олиши кераклиги ҳақидаги ташаббусларимиз кимларгадир хуш келмаслигини ҳам яхши тушунамиз. Лекин ижтимоий барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун бу жуда муҳим масала.
Мамлакатдаги ресурс ва имкониятлар бир ҳовуч бойлару ҳашаматга муккасидан кетган амалдорларга эмас, халқимизнинг турмушидаги қийинчиликларни енгиллатишга хизмат қилиши ҳар томонлама адолатли бўлади.
Мол-мулки, даромади, мансаб-мартабасидан қатъи назар, барча фуқароларнинг устувор ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунинг кафолат механизмини яратиш давлатнинг бурчидир.
Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати раҳбари.
“Ўзбекистон овози”, 30.06.2021, №25