– Эшитишимга қараганда, айни пайтда парламентда фарзандликка олиш масаласи билан боғлиқ қонун лойиҳаси муҳокама этилаётган экан. Шу ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз?
Сарвиноз Отажонова,
Андижон вилояти Избоскан тумани.
Саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Ойбарчин Абдуллаева жавоб берди:
– Ҳақиқатан ҳам, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этиляпти.
Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда фарзандликка олиш истагини билдирган 4 мингдан ортиқ фуқаро мавжуд. Шунинг билан бирга, фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётганларга нисбатан анча юқорилигича қолмоқда. Бундан ташқари, қонунчиликда фарзандликка олиш тартиб-таомиллари билан боғ лиқ бўшлиқлар кузатилмоқда. Бу ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиш, шу жумладан, бола савдоси каби ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, 2017–2020 йилларда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жами 185 та жиноят аниқланган ва ушбу жиноят ишлари доирасида 286 нафар шахс жавобгарликка тортилган.
Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, мазкур масала ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Шу боисдан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 176-бандида фарзандликка олиш амалиётини ўрганиш ва бу бўйича ҳуқуқий асосларни қайта кўриб чиқиш белгиланди. Унга кўра, «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида Оила кодексининг фарзандликка олиши мумкин бўлган шахслар (152-моддаси) рўйхатида муқаддам қасддан жиноят содир этган шахслар томонидан фарзандликка олинишига тақиқ ўрнига қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб, шахсга фарзандликка олишни тақиқлаш қоидаси жорий этилмоқда (268 та жиноят туридан 165 таси бўйича тақиқ киритилмоқда ёки 62 фоиз).
Бундан ташқари, оғир (5 йилдан 10 йилгача) ва ўта оғир (10 йилдан ортиқ) турдаги жиноятларни содир этган, шунингдек, фарзандликка олиш вақтидан олдин 1 йил давомида доимий даромадга эга бўлмаган ёки ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлган даромад оладиган фуқароларга, фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахсларга фарзандликка олиш тақиқланмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши орқали бола ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши тўлақонли таъминланади ва болаларни қонунга зид равишда фарзандликка олиш, айниқса бола савдоси ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашади, деб ўйлайман.
“Ўзбекистон овози”, 30.06.2021, №25