Мамлакатимизда ёшларга оид қонунчилик такомиллаштирилиб, келажагимиз эгаларининг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун етарли шароитлар, имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ёшларимиз билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбат қуриши, ёшларимизнинг қизиқиш, интилишлари билан ўртоқлашишлари барчанинг бирдек ҳавасини келтиради.
Кни кеча Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда ёшларимиз учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилганини маълум қилди. Унга кўра, янги ўқув йилидан бошлаб барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича (жорий йилда 14 фоиз ставкада) ажратилади. Бунга қўшимча равишда, таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар даромад солиғидан ҳам озод қилинади.
Бундан ташқари, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига, олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади ва бу имконият туфайли кам таъминланган оилалардаги кўплаб иқтидорли ёшларимиз талаба бўлиш бахтига муяссар бўладилар. Шунингдек, ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади ва бу Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастуридаги мақсад ва вазифалар билан чамбарчас боғлиқлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бунда ипотека дастури доирасида уй-жой сотиб олиш учун ёш оилаларга қўшимча 2 мингта квота ажратилади ва ушбу мақсадлар учун бюджетдан 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, ёш оилаларнинг ипотека кредитини қайтаришга тўлаган маблағлари даромад солиғидан тўлиқ озод қилинади.
“Дафтарлар”га кирган оилаларнинг янги турмуш қураётган фарзандларига ўз хонадонида қўшимча уй-жой тиклаб олиши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, “Темир дафтар”да қайд этилган оилаларнинг ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш учун август ойида 500 минг сўмдан моддий ёрдам пули берилади. Бу эса, Президентимизнинг кам таъминланган оилаларда вояга етаётган болажонларимизга бўлган оталарча меҳрининг яна бир амалий ифодасидир.
Умид қиламизки, ёшларимиз ҳам юртбошимизнинг оталарча меҳрибонликларига жавобан, мамлакатимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қиладиган муносиб инсонлар бўлиб етишадилар. Бу мақсад ёшларимиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.