Учинчи Ренессанс бунёдкорлари

 

Президентимизнинг 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумидаги маърузасини фарзандларим билан биргаликда тингладик. Тантанали маросимдаги нутқда таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларнинг чуқур билим олишлари, танлаган касбларининг сир-асрорларини пухта ўзлаштиришлари, истеъдод ва қобилиятларини ривожлантиришлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Таълим муассасаларида яратилаётган шароитлар, ёшларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ёшларни муносиб рағбатлантириш, эҳтиёжманд оилалар ва уларнинг фарзандларига, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг ўзи инсонда фахр туйғусини уйғотади. Ва беихтиёр шундай юртда яшаётганингдан ғурурланиб кетасан, киши.

Давлатимиз раҳбари мазкур форумда ёшларга яна катта ишонч билдириб, келажагимиз эгалари Янги Ўзбекистонни барпо этишда қудратли тўлқин бўлиб, майдонга чиқаётганини алоҳида қайд этди. Ёшларимиз яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйишга, буюк аждодларимизга муносиб ворислар бўлиши шубҳасиз. Шундай улуғвор мақсадда мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга кадрларни тайёрлаш учун янги олий таълим муассасалари барпо этилаётгани ҳам таҳсинга сазовордир.

Форумда иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган тенгдошларимизни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилиши, янги ўқув йилидан бошлаб, талабаларнинг таълим кредити муддати узайтирилиб, фоиз ставкалари кескин пасайтирилиши, “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларига олий таълим муассасасида ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилаётгани маълум қилингани ҳам албатта, ёшларимизга бўлган ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Форумда давлатимиз раҳбари мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш ҳақида сўз юритиб, бу тизимни йўлга қўйишнинг бугунги кундаги аҳамиятини батафсил тушунтириб берди. Бундан буён мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлиши, бу тизим давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бу тизимнинг самарали ишлаши учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ҳар йили 1 сентябрга қадар мактаблар кесимида 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш бўйича рўйхат ва дастурни маҳаллий кенгашларда муҳокама этиб, тасдиқлаш ҳамда парламент палаталари ушбу талабни қонун даражасида мустаҳкамлаш ғоясини илгари сурдилар.

Мактаб ўқувчиларини компьютердан шунчаки фойдаланувчи эмас, балки ундан даромад топадиган мутахассислар этиб тайёрлаш масаласи ўртага ташланди. Шу мақсадда жорий йил якунига қадар умумтаълим мактабларини юқори тезликдаги Интернетга улаш ишлари якунланишини маълум қилиб, республикамиз бўйича қўшимча 5 мингта компьютер синфлари ташкил этилиши қайд этилди. Мактабларда ахборот технологиялари дарслари замонавий “Кэмбриж” дастурлари асосида йўлга қўйилиши ҳам ёш авлод учун жуда катта имконият бўлди.

Мамлакатимиз ёшлари учун яратилаётган бу каби шароитлар замирида чуқур маъно бор. Ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга чексиз ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш Янги Ўзбекистонни барпо этишда муҳим ўрин тутади. Округдаги фаолиятим даврида шунга амин бўлдимки, касб-ҳунар эгаллаган инсон бировга муҳтож бўлмайди, бузғунчи ғояларга берилмайди, ҳаётда албатта ўз йўлини топади. Бу эса ҳар бир ота-онанинг истагидир.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш