Электоратимиз манфаати кўзланган янги амалиётлар

 

Куни кеча Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимдаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг олдида турган муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Юртбошимизнинг ёшлар билан учрашуви келажагимиз эгаларига жуда катта руҳий мадад бўлди. Шу ўринда учрашув давомида Президентимиз таъкидлаб ўтган энг катта муаммо – ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи Ўзбекистон ХДПнинг асосий фаолият йўналишларидан бири эканини таъкидлаб ўтиш лозим. Давлатимиз раҳбари бу борада бир қатор янги ғояларни илгари сурди. Жумладан, ҳар ўқув йили якуни бўйича туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида битирувчилар бандлигини таъминлашга оид дастурлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Таъкидланишича, бугунги кунда олий маълумот талаб этиладиган 80 мингга яқин бўш иш ўринлари мавжуд. Мисол учун, транспорт, геология, қишлоқ хўжалиги, маданият, спорт соҳаларида билим ва малакаси етарли бўлатуриб, олий маълумоти йўқлиги учун минглаб ёшларимиз ишга кира олмаёганлигини таъкидлаб, жорий йилда олий маълумот талаб этадиган касб ва лавозимлар қайта кўриб чиқилишини  ҳамда уларнинг камида 150 таси бўйича бундай талаб бекор қилинишини, бу орқали 10 мингдан ортиқ ёшлар ишга жойлашадиган бўлди.

Эътиборга молик яна бир жиҳат — бундан буён мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилиб, мактаб битирувчисига аттестат беришда битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида сифатида амалиётга татбиқ этилади.

Бундан ташқари, Ёшларнинг олий маълумот олиши учун янги ўқув йилидан бошлаб барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида берилади ҳамда “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига, олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.

Давлатимиз раҳбарининг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида илгари сурилган янги амалиётлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсадларидан бўлиб, электоратимиз манфаатига тўла мос келиши билан аҳамиятлидир.

 

Жаҳонгир Кабиржонов,

ХДП Ёшлар билан ишлаш сектори раҳбари.

 

Теглар

yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш