Ёшлар юртимиз истиқболи, келажагимиз бунёдкоридир

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган нутқи Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида ёшларнинг ўрни ва ролини белгилаб берувчи дастур бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ёшларини қамраб олган тантанали маросимда ёшларимиз учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Хусусан, ёшларга оид қонунчилик такомиллаштирилиб, келажагимиз эгаларининг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун етарли шароитлар, имкониятлар яратилаётгани таъкидланди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ёшларимиз билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбат қуриши, уларнинг қизиқиш, интилишлари билан ўртоқлашиши таҳсинга лойиқ воқеа бўлди.

Форум давомида мамлактимиз ёшларига яратиладиган янги имкониятлар ҳақида сўз борар экан, шу ўринда парламент вакиллари олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилди. Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидойи ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилиши, 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш бўйича рўйхат ва дастур маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиниб, тасдиқланишини қонун даражасида мустаҳкамланиши, ёшлар тарбияси бевосита масъул ва жавобгар бўлган ташкилотлар раҳбарлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳисоботларини парламент палаталарида эшитиб бориш тартибининг жорий этилиши шу жумласидандир.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқидан келиб чиқиб, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида сифатли таъминланиши учун бор кучимизни сафарбар этамиз.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш