Президентимиз бизга ишонади

 

Йилдан-йилга Ўзбекистон ёшлари учун яратилаётган имкониятлар кўлами кенгайиб боряпти. Бунга кеча Тошкент шаҳридаги “Ботаника боғи”да ўтказилган ёшлар форумида яна бир бор амин бўлдик. Ёшлар куни муносабати билан ўтказилиши анъанага айланган тадбирда Президентимиз иштирок этдилар. Биз, ёшларни байрам билан қутлаб, бизга кўплаб қулайликлар яратилишини таъкидладилар. Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузурида Ёшлар парламентлари, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси ташкил қилинди.

Давлатимиз рахбари ўз нутқида Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизни ташкил этса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолаганини ва бу муҳим йўналишдаги ишларимизни давом эттириб, Парламентлараро иттифоқ кўмагида “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” деган эзгу ташаббусни амалга оширишларини ва шу асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларимизни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб қилишларини айтиб ўтганларида нафақат биз ёшлар парламенти аьзолари, балки барча ёшлар бундан жўшқинланиб кетди. Бундан ташқари, Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидойи ўғил-қизларимизни буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилишини такидлаб ўтдилар.

Билимга чанқоқ, ўқишга интилувчан ёшлар кўп. Аммо шу пайтгача уларнинг аксарияти олий ўқув юртига шартнома асосида ўқишга кириб, тўловини амалга оширишга қийналарди. Тўлов-шартнома пулини тополмагани учун ўқишни рад этган қизлар кўп эди. Очиғи, улар бир уринишда грант асосида ўқишга киролмадими, турмушга чиқишга мажбур эди. Кеча ёшлар форумида Президентимиз ана шундай ёшлар, айниқса, қизлар учун катта имкониятлар яратилишини таъкидладилар. Жумладан, эрта турмушнинг олдини олиш, ҳар бир ёш қайсидир касб-ҳунарга эга бўлиши учун зарур чоралар кўрилиши, имтиёзли шартларда ажратиладиган таълим кредити, аҳамиятлиси, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига олийгоҳдаги ўқишининг биринчи йили учун контракт пулини бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилишини эшитиб, хурсанд бўлдик.

Давлатимиз раҳбари табрикда “Билимли ёшлар – келажак пойдевори. Бугунги ҳаракатларингиз билан ўз келажагингизга асос соляпсизлар. Мен сизлар билан ғурурланаман”, дея бизга юксак ишонч билдирдилар. Бу ишончга муносиб бўлиш учун бор имкониятимиз, билим ва кучимизни сарфлаймиз.

 

Дилафруз Йўлдошева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси,

ХДП фаоли.

 

Теглар

yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш