Қийноқлар тарихда қолсин...

 

Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият. Бош қомусимизда белгиланган ушбу тамойилни амалда таъминлаш давлатимиз сиёсатининг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Айниқса, сўнгги йилларда бу борада муайян натижаларга эришилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда, сўзда эмас, кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича Давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилганлигини мамлакатимиз ва дунё жамоатчилиги эътироф этмоқда.

Ҳақиқат юзига тик қарайдиган бўлсак, мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам чорак аср юртимизда муттасил равишда қийноқлар давом этган. Илгарилари қийноқлар кўлами жуда катта эди, айниқса, қамоқхоналарда. Ҳозир бу ҳолатлар камайган. Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори бу борадаги яна бир амалий қадам бўлди. Таъкидлаш керакки, қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва қоидалари билан биргаликда Дания, Норвегия, Испания, Польша ва Қозоғистон давлатларининг тажрибаси, шунингдек, БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси Факультатив протоколи” ўрганилди.

Муҳим янгилик. Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ҳузурида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Энди ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш; бу жойлардаги шарт-шароитларини ўрганиш ва бу ҳақда жамоатчиликка доимий эълон қилиб бориш; қийноққа солиш хавфининг олдини олиш ва соҳага илғор хорижий тажрибани жорий қилишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш; қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш; қийноқ ҳолатларидан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлашда иштирок этиш жамоатчилик гуруҳларининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Қарорнинг яна бир аҳамиятли томони, Омбудсман томонидан ҳар йили 15 мартга қадар Олий Мажлис палаталарига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бериш амалиёти йўлга қўйилади. Ҳужжатда белгиланганидек, эндиликда шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан ортиқча вақт давомида ушлаб туришдек салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда, ягона электрон реестр Ички ишлар вазирлиги томонидан юритилади ва суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Омбудсманга мазкур реестрга боғланиш имконияти яратилади. Ягона электрон реестрга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсни қабул қилишга асос бўлган ҳужжат нусхаси ва ушбу шахс ҳақидаги маълумотлар киритилади. Ҳаммамизга яхши маълум эдики, яқин пайтларгача ҳибсга олинган шахснинг яқинларини бу ҳақда хабардор қилишига йўл берилмас эди. Қарорга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги томонидан 2021 йил 1 ноябрга қадар ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали мурожаат қилиш амалиётини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 3 ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси Факультатив протоколи”га қўшилиши масаласи бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича вазифалар юклатилди.

Яна бир кўз кўриб қулоқ эшитмаган янгилик. Қийноқ қурбонларига товон пули тўлаш, уларнинг зарарларини қай тартибда қоплаш, унинг соғлиги, мулкий зарарлари билан боғлиқ ҳолатлар бўйича қонунчилигимизда аниқ бир механизмлар йўқ эди. Шу пайтгача қийноқ қурбонларининг товон пули олганига дуч келмаганмиз. Лекин шу бўйича кейинги пайтда парламент ва демократик институтлар қонун ҳужжатларини такомиллаштириш устида иш олиб боришяпти. Президентнинг янги қарорига кўра, эндиликда ушбу камчиликни бартараф этиш кўзда тутилган. Уч ой муддатда қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартиби ишлаб чиқилади. Молия вазирлигига манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси топширилмоқда. Жорий йил 1 декабрига қадар Ўзбекистон Жиноят кодексидаги қийноққа солиш учун жавобгарлик белгиловчи нормалар БМТнинг «Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси» (Нью-Йорк, 1984 йил 10 декабрь) талабларига мувофиқлаштирилади. Жорий йил 1 октябрдан бошлаб тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга, бу борадаги ишларни халқаро стандартлар даражасига тенглаштиришга хизмат қилади.

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

“Ўзбекистон овози”, 30.06.2021, №25

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш