Халқ ишончини қозониш осон эмас

Мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, халқ ичига кириш, унинг дарди ва ташвиши билан яшаш нафақат ҳар бир давлат идораси раҳбарининг, депутатларнинг ҳам долзарб вазифасига айланди. Қаерда амалий иш бўлса, ўша жойда ривожланиш дарҳол кўзга ташланади. Бугун буни «депутатман», дея халқ юкини елкасига олган ҳар бир инсон чуқур англаяпти.

Бухоро вилоятидаги туман ва шаҳар кенгашлари депутатларининг фаолиятига назар ташлаш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгашига ЎзХДПдан депутат, Бухоро минтақавий темир йўл узели раҳбари Алижон Эргашев билан суҳбатлашдик:

Халқнинг меҳрини қозониш, ишончини оқлаш осон эмас.— дейди биз билан суҳбатда А.Эргашев. — Бунинг учун депутат доимо одамлар орасида бўлиши, ҳар бир кишининг дарди, қувончини ўзиники деб билиши керак. Ҳудуддаги аҳолини ўйлантираётган масалаларни ўрганиб, мутасадди ташкилотларга таклифлар билан чиқиш зарур. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, халққа яқин бўлсаккина давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан аҳоли ўртасида кўприк вазифасини ўтай оламиз. Шундагина аҳоли фаровонлиги йўлида кўплаб ишларни амалга ошириб, сайловчилар ишончини қозонишимиз мумкин.

Инсон саломатлиги муҳим омил. Бу борадаги ишларимиз самараси кўринай деб қолди. Шаҳар аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида бир неча йиллар давомида қурилиши тугатилмаган қаровсиз қолган Темирйўл касалхонасини капитал тамирлаш ишлари бошлаб юборилгани фикримизга далил. Бундан ташқари, Когон шаҳрида спортни ривожлантиришга ва бу орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни спорт билан шуғулланишларига шароит яратиш мақсадида Когон шахрида жойлашган Локомотив ўйингоҳини батамом янгилаш учун реконструкция ишлари олиб борилаётганлиги ҳам айни шу мақсадга муштаракдир.Бундан ташқари , бу ерда Когон шаҳри аҳолиси учун ёпиқ бассейн қурилиши бошлаб юборилган.

Дарвоқе, Когон туманида қаровсиз ётган ер майдонлари бор. Депутат ташаббуси билан ҳудудда 55 гектар ер майдонига эга бўлган интенсив боғ ташкил этилди, у ерда мингга яқин чорва моллари, экинзорлар барпо этилди. Халқимизга мева, сабзавот, гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш, ҳамда сутни қайта ишлаш, боғдорчиликни йўлга қўйиш мақсадида Янгиобод чорва комплекси ҳам ишга туширилди.

Қолаверса, Когон туманида Ўзбекистон Республикасида кўмирни қайта ишлаш ва сифатли кўмир маҳсулотини аҳолига етказиб бериш мақсадида эса янги “Брикед” заводи ташкиллаштирилиб йўлга қўйилганлиги хам депутат Алижон Эргашевнинг энг катта ютуқларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. Шунингдек, кам таминланган оилалар, нафақахўрлар, меҳнат фахрийларини жамоа шартномалари ҳамда келишувлари орқали моддий қўллаб-қувватлаш доимий тарзда депутат эътиборида. Алижон Юсуповичнинг бундай бунёдкорлик ишлари замирида аввало халқ манфаати яъни фуқароларимизга иш ўринларини яратиб бериш ва уларни иш билан тўлиқ таъминлаш, халқимизга сифатли хизмат кўрсатиш фикри ётади.

МДФ эшик ромларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифи билан ҳам чиққандим,— дейди у куюнчаклик билан. — Орадан кўп ўтмай ташаббусим амалга ошиб, ҳалқимизга замонавий, сифатли ва жаҳон андозаларига мос замонавий эшик ромлари арзон нархда етказиб берилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар темирйўлчиларга арзон нархларда ойлик иш ҳақлари ҳисобига ҳам берилмоқда.

Дарвоқе, ҳудудда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом этиб тарбиялаш борасида қатор хайрли ишларни режалаштирган Алижон Эргашевнинг ўз олдига қўйган ниятлари ҳали кўп. Зеро, депутатларнинг халққа яқин бўлиш борасидаги саъй-ҳаракатлари негизида халқ ўзининг фаровон турмуши, эртанги кунига бўлган юксак ишончни ҳис қиляпти.


Шаҳло БАҚОЕВА,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши Матбуот котиби.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш