Давлат халқ олдида бурчлидир

 

Халқ демократик партиясининг кучли ғояси қандай бўлади?

Ҳадемай, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бошланади. Ўтаётган ҳар бир кун бу тарихий сана сари халқимизни яқинлаштирмоқда. Мазкур жараёнлар Сайлов кодекси моддалари асосида ўтказилади. Яъни Президентликка номзодлар ҳуқуқлари кафолатлари, хусусан, сайловолди ташвиқотини олиб бориш ҳуқуқи улар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Унга қадар эса сиёсий партиялар ўз номзодлари учун дастурлар тайёрламоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам номзод дастурининг лойиҳасини ишлаб чиқди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг устувор йўналишларига асосланган ғоя ва мақсадлар қамраб олинмоқда.

Қулай уй-жой, узлуксиз энергия таъминоти, табиий газ ва ичимлик суви, сифатли озиқ-овқат каби яшаш учун зарур бўлган воситаларнинг ҳаммаси маблағ талаб этади. Замонавий таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқидир. Буларнинг барчаси ҳаётий эҳтиёж бўлиб, ҳар бир оила ўзининг бирламчи эҳтиёжларини қондириши учун етарли даромад манбаига эга бўлиши лозим, дейилади, лойиҳада.

Жамиятда нафақат ҳуқуқий тенглик, балки ижтимоий мавқеи, мулкий ҳолати ва даромад даражасидан қатъи назар, барча учун тенг имкониятлар яратилиши зарур. Яъни амалдор-бойлар бир-бирига боқиб, сув сойга оқмаслиги керак.

Фуқароларнинг демократик институтлар орқали аҳолининг ижтимоий кайфиятига, зарур ҳаётий эҳтиёжларини амалга оширишга таъсир кўрсатадиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, жамоатчилик экспертизаси ва муҳокамаларида кенг иштирок этишини таъминлаш демократиянинг асосий шартларидан ҳисобланади.

Партия аҳоли манфаатларини таъминлаш мақсадида кучли ижтимоий сиёсат юритиш лозим, деб ҳисоблайди. Аввало, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш лозим. Ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш ҳам муҳим жиҳатлардандир. Бунинг учун ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш талаб этилади.

Бундан ташқари, олис ва чекка ҳудудлардаги шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш партия ташаббусларидан алоҳида ўрин олган.

Партия таклиф қилаётган иккинчи устувор йўналиш бу ижтимоий йўналтирилган иқтисодий ва молиявий сиёсат – кучли ижтимоий сиёсат асоси эканидир.

Яъни партия иқтисодий ва молиявий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлашда устуворликларни бегилаб олмоқда. Хусусан, ўрта муддатли истиқболда эҳтиёжманд аҳоли қатламлари улушини камида 2 баравар қисқартириш мақсадида камбағалликни бартараф этиш бўйича самарали ишларни амалга ошириш керак. Иқтисодиётнинг инновацион илғор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожлантириш мақсадида самарали молиявий ва солиқ имтиёзларини қўллаш ҳам муҳимдир. Ўрта муддатли истиқболда иш ҳақи даражасини яшаш минимумидан камида 1,5 баравар юқори бўлган (ўзини ўзи банд қилиш ва хусусий тадбиркорликдан олинадиган даромадлар ҳисобига) барқарор иш ўринларида бандлигини таъминлашга эришиш лозим.

Мазкур мақсадларга эришиш учун ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлаш зарур.

Инсон ҳаётидан мамнун яшаши учун яна бир муҳим жиҳат борки, бу сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёждаги товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлашдан иборат.

Ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари ва тарифлари норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун ушбу нархларни шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш лозим.

Мамлакатимизда ишлаб чиқариш ресурси ва имконияти бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа кундалик зарур товарларни импорт қилиш бўйича солиқ ва божхона тизимида мослашувчан чораларни амалга ошириш керак.

Бундан ташқари, ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кундалик эҳтиёждаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарларни арзон нархларда сотадиган ижтимоий дўконлар тармоғини яратиш бўйича хайрия фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш зарур.

Уй-жойлар ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш партиянинг устувор мақсадларидан этиб белгиланмоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, қийин ижтимоий аҳволга тушган аёллар, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган ва яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож оналар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кенгайтиришга эришиш режалаштирилмоқда.

Навбатдаги йўналиш аҳолининг барча қатламларига юқори сифатли ва тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатишдир. ХДП бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам даромадли аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантириш муҳим, деб ҳисоблайди.

Бунинг учун биринчи ўринда мулкчилик шаклидан ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган, давлат томонидан кафолатланган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш керак.

Халқ демократияси ва ижтимоий тенглик ХДПнинг бош мақсадларидан бўлиб, мамлакатда халқ демократияси тизимини шакллантириш таклиф қилинмоқда. Бу аҳолининг барча, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг давлат ва жамият қурилиши ҳамда суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш демакдир.

Шу билан бирга, барча инсонларнинг ёши, жинси, жисмоний имконияти, миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни таъминлаш зарур.

Халқ демократик партияси илгари сураётган ғоя ва вазифалар марказида инсон, давлатнинг халққа хизмат қилиш мажбурияти туради. Партиянинг расмий ахборот манбалари орқали ҳар бир ташаббус ҳақида алоҳида ва тушунарли шаклда изоҳлар бериб борилади.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати маълумотлари асосида

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади.

“Ўзбекистон овози”, 30.06.2021, №25

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш