Давлатимиз рамзлари бўлган байроқ, герб ва мадҳия ҳар биримизнинг ғурур ва фахримиз, уларни кўрганда қалбимизда юксак туйғуларни ҳис қиламиз. Халқимизнинг миллий анъана ва қадриятлари, маънавий-маданий мероси, тарихий хотираси ҳамда орзу-интилишларини ўзида мужассам этган рамзларни асраб-авайлаш ва ҳурмат қилиш барчамизнинг муқаддас, шарафли бурчимиздир.
Бундан роппа-роса 29 йил муқаддам – 1992 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг X сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Натижада халқимиз ўзи истаган йўл – озод ва обод Ватан, эркин ҳамда фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида яна бир муқаддас рамзга эга бўлди.
Гербимиздаги ҳар бир ранг, чизиқ, белги теран рамзий маънога эга. Ўнг томондаги пахта ва ғарқ пишган буғдой бошоқлари халқимизнинг меҳнати ҳалол, ризқи бутун эканлигини ифодалайди. Гербнинг юқори қисмида мамлакатимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Унда ўз ифодасини топган яримой мустақиллигимизни, порлаб турган юлдуз эса халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ҳамда саодатга элтувчи йўлни танлаганини билдиради. Давлат гербидаги яшил водий узра нур сочаётган қуёш тасвири ҳам диёримизнинг ёруғ кунларининг нишонасидир.
Баланд тоғлар оралаб оқаётган дарёлар – авлодлар оша яшаб келаётган мангу қувват тимсоли, халқимиз кўзлаган юксак марралардан далолат беради. Герб марказида ҳиммат, олижаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди. У қадимдан бахт ҳамда давлатмандлик рамзи, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли ҳисобланган.
Гербнинг пастки қисмидаги республика Давлат байроғини ифодаловчи уч рангдаги чамбар бандига “Ўзбекистон” сўзи битилган. Бу билан нафақат мамлакатимиз мустақиллиги мустаҳкамланди, мустақил Ватанимиз номи жаҳонга намоён қилинди.
Герб олий саодат — Истиқлолимиз рамзи, ўзини шу юрт фарзанди деб билган ҳар бир инсон учун чексиз фахру ифтихор манбаи эканини унутмаслигимиз лозим. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонунда мамлакатимиз фуқаролари, юртимизда истиқомат қиладиган ҳар бир шахс давлатимиз гербини ҳурмат қилишлари шарт экани белгилаб қўйилган. Зеро ўз қадр-қимматини, таянчи ва суянчини англаган халқ ўз миллий тимсолларини ҳамиша эъзозлайди, маънавияти бутун халқни ҳеч қандай куч танлаган йўлдан чалғита олмайди.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.