Халқ демократик партиясининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. ZOOM платформаси орқали партия Марказий Кенгашининг мажлислар залида ўтказилган йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаш Ижроия қўмитаси аъзолари, партиянинг Марказий ва минтақавий ташкилотлари раҳбар ва масъул ходимлари, истиқбол ёшлар қаноти ҳамда ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов раислигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишлаб 2021 йил 30 июнь куни ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан У.Иноятов маъруза қилди. Маърузада давлатимиз раҳбарининг Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумидаги нутқида ёшларга яратилаётган шароитлар, улар бандлигини таъминлаш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, касб-ҳунарга ўргатиш, билими ва маънавиятини юксалтириш, ёшлар муаммоларини ҳал этиш борасида белгилаб берилган вазифалар, улар ижросини таъминлашда сиёсий партиялар, хусусан, Халқ демократик партияси олдида турган устувор вазифалар хусусида сўз юритилди.

– Маълумки, Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида иккита энг муҳим йўналиш бор: биринчиси – уларга замонавий билим бериш, иккинчиси – ёшлар бандлигини таъминлаш. Кейинги йиллардаги ислоҳотлар, ташаббус ва янги тизимлар замирида ана шу мақсад мужассам.

Форумда иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилиши, янги ўқув йилидан бошлаб, талабаларнинг таълим кредити муддати узайтирилиб, фоиз ставкалари кескин пасайтирилиши, “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларига олий таълим муассасасида ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилаётгани ҳам албатта, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолларини қувонтиради. Чунки бу имтиёзлар партиямизнинг дастурий ғоялари билан уйғун. Бу имтиёзлар, қолаверса, ёшларни Учинчи Ренессанс бунёдкори сифатида тарбиялашга даъват этади, – деди партия етакчиси ўз нутқида.

Маъруза юзасидан сўзга чиққан Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари Мақсуда Варисова, Зулайхо Акрамова, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республикасининг Ёшлар клуби етакчиси Айжамал Қалыбаева, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Жаҳонгир Кабиржонов, Тошкент вилоят партия Кенгаши раиси Акмал Умаралиев, Қашқадарё вилоят партия кенгаши Ёшлар клуби етакчиси Нурислом Алиев, Ёшлар парламенти аъзоси Камола Одилжонова ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг маърузасида илгари сурилган топшириқ ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда партия олдида турган муҳим вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

← Рўйхатга қайтиш