Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган. Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. 1992 йил 2 июль куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Давлатимиз гербида халқимизнинг тарихи, бугунги ва келажаги ўз аксини топган. Унда тароватли водий узра нур сочаётган қуёш тасвирланган. Бу серқуёш юртимизда ундаги обод манзилларга ишора. Баланд тоғлар оралаб оқаётган дарёлар - мангулик тимсоли бўлса, гербнинг сўл томонидаги буғдой бошоқлари халқимизнинг ризқ-рўзи бутунлигидан, ўнг томонидаги қийғос очилган ғўза ифодаланган чамбар юртимизнинг оппоқ орзулари, эзгу ниятларидан далолатдир. Гербнинг юқори қисмида элу юртимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Унинг ичида жойлашган ярим ой ва юлдуз халқимизниинг дину диёнатига муборак тимсолидир. Гербнинг марказида қанотларини ёзиб, парвозга шайланиб турган Хумо қуши тасвирланган.
Гербимиздаги барча рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, эзгулик, бахт-саодат, тўкинлик, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ўзида намоён этади. Гербимиз ўзини шу юрт фарзанди деб билган ҳар бир инсон учун чексиз фахру ифтихор манбаи ҳисобланади. У, шунингдек, ёшларни ватанпарварлик, аждодларимиз аньаналарига содиқ фарзандлар этиб тарбиялашда муҳим воситадир. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинган билан барча юртдошларимизни чин юракдан табриклаймиз. Жонажон Ўзбекистонимиз равнақи ва кўп миллатли халқимиз фаровонлиги йўлида садоқат билан хизмат қилиш барчамизга насиб этсин.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати