Юртимиз тараққиётининг янги босқичида мамлакатимиз ёшлари етакчи куч сифатида майдонга чиқмоқда. Бугун ёшларнинг давлат ва жамият бошқарувида, иқтисодиётнинг барча соҳаларида ва ижтимоий-маънавий ҳаётда фаолликлари яққол кўзга ташланмоқда.
Албатта, бундай натижага ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Бунинг замирида давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга билдирилаётган юксак ишонч, кенг имкониятлар ётибди. Бугунги ёшлар учун барча имконият эшиклари очиқ. Юксак ишончга муносиб бўлиш, Ватанимизга, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш уларнинг олий мақсадига айланган.
Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонунининг қабул қилиниши ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш борасида муҳим қадам бўлди десак, муболаға бўлмайди. Қонун 4 боб, 33-моддадан иборат бўлиб, унда давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш, уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа салоҳиятларини камол топтириш, шарт-шароитлар яратиш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилган.
Шунингдек, қонунда ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни, ёшлар тадбиркорлигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ёшлар ижтимоий хизматига оид нормалар ўз аксини топган. Жумладан, мамлакатимизда буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ёш математиклар халқаро олимпиадаси муваффақиятли ўтказилди, унинг мантиқий давоми сифатида физика фани бўйича Аҳмад Фарғоний, кимё фани бўйича Абу Райҳон Беруний, биология фани бўйича Абу Али ибн Сино, астрономия фани бўйича Мирзо Улуғбек номидаги халқаро фан олимпиадалари ташкил этилди.
Бундан ташқари, ижод, президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятининг йўлга қўйилгани, аъло баҳога ўқувчи ёшлар учун олтин, кумуш медаллар жорий этилгани, фан олимпиадаси ғолиблари, Зулфия, "Мард ўғлон"',"Келажак бунёдкори"каби давлат мукофотлари таъсис этилганининг туб мақсади, қонуннинг ҳаётийлиги ва ижросини таъминлашдир. Уюшмаган ёшлар учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш борасида алоҳида чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланаётгани ҳам мазкур қонуннинг амалдаги ижроси натижаларидир.
Ўрни келганда таъкидлаш керак, бугунги кунда ҳар бир ота-она, хонадон, маҳалла бугунги кунда фарзандларимизнинг таълим-тарбиясини энг асосий вазифа сифатида билиб, ёшларни халқимизга ёт ва янги авлод онги учун зарарли бўлган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, миллат ва давлат тараққиётини дунё ҳамжамиятига кўрсатишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаши ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро, инсон ҳаёти одоб-ахлоқ, таълим-тарбия билан бевосита боғлиқ. Унутмайлик, янги Ўзбекистон ёшлари келажагимиз ва истиқболимиз пойдеворидир.
Шерзод Раҳмонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.