Пиёзнинг нархи ер билан яксон бўлган пайтда камтарроқ бўлиб турган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тез кунларда сабзининг нархи тушиши бўйича прогноз қилиб, ролик тайёрлабди. Ҳаётдан озроқ хабардор одам бундан уялади. 10 та вазирлик бир бўлиб, пиёзнинг нархини сал ошира олмаганидек, тушиши аниқ бўлган сабзи нархига ҳам таъсир кўрсата олмайди. Янги ҳосиллар етилиб, нарх табиий тушса, қаҳрамонлар кўпаярканда...
Эскидан ота-боболаримиздан қолган шундай ибора бор. Отанг бозор, онанг бозор. Бозорнинг ўз қонун-қоидаси бор: савдо-сотиқ талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Агар маҳсулот етарли бўлса, баҳоси арзонлашади, танқис бўлса, нарх-наво ошади. Бугун Сурхондарё бозорларида ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Бир кило сабзи ўртача 5-8 минг сўмдан сотилмоқда.
Сабзининг нархи нега бундай шаклланди?
Мухбиримиз ушбу саволга ойдинлик киритиш мақсадида деҳқонлар, мутахассислар, фаоллар ва депутатларимиз фикрлари билан қизиқди.
— Эллик йилга яқин қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилдим, — дейди Денов туманидаги “Буюк ипак йўли” маҳалласида истиқомат қилувчи Ядзонқул Ҳайитқулов. — Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсам, ўтган 15-20 йилда сабзи баҳоси бу қадар кўтарилмаган. Бундан уч-тўрт ой аввал ҳам килоси 2 минг сўмдан сотилаётганди. Кейин эса бирдан қимматлашди. Сабабсиз оқибат бўлмайди, деганларидек, бунинг ҳам ўзига хос сабаблари бор.
Биринчидан, ўтган уч йил давомида сабзи экканлар даромад қилолмади. Деҳқон 45-50 килоли бир қоп сабзини 5-6 минг сўмга сотган кезлар ҳам бўлган. Ҳатто, гектарлаб сабзи далаларини деҳқонларнинг ўзи трактор билан ҳайдаб ташлагани кўпчиликка сир эмас. Боиси, уни кавлаб олиб, ювиб, қопга тайёр ҳолатда жойлашгача анча меҳнат сарф қилинади. Қолаверса, бозорга олиб боришга техника харажати. Бу ҳам етмагандек, бозорда паттага ҳам пул тўлаш керак. Бир сўз билан айтганда, сабзи эккан деҳқон шунча харажатга тушиб, пулини қопламагандан сўнг ерни ҳайдаб ташлаши арзонга тушган. Шунинг учун сабзи майдонлари камайиб кетди. Бу эса маҳсулот таннархининг кескин ошишига олиб келди.
— Сабзи қиммат бўлгани аслида деҳқоннинг айби эмас, — дейди халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати Муҳаммади Абдурайимов. — Аксинча, миришкорларга раҳмат айтишимиз керак. Рўзғор ободлиги ва дастурхон кўркамлигига ана шу юртдошларимиз муносиб ҳисса қўшмоқда.
Маҳсулот баҳосининг беқарорлигига маҳаллий мутасаддилар, секторлар раҳбарлари, қолаверса, биз ҳам айбдормиз. Ўз вақтида маҳаллабай, оилабай ва хонадонбай тизими асосида иш олиб борилганда, ишончим комилки, сабзи нархи бугунгидек қиммат бўлмасди.
— Бизда тоталитар тузумдан қолган бир одат бор, — дейди Ўзбекистон ХДП Денов туман кенгаши раиси Ҳасан Мирзаев. — Нарх-наво кўтарилиши билан туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва бошқа мутасадди идоралар ходимлари томонидан махсус комиссия тузилади ҳамда назорат ишлари бошланади. Маҳсулот турига қараб, сунъий нарх ҳам қўйилади. Аслида, бу билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Тўкинлик бўлиши учун бозорларни ўз ҳолига қўйишимиз керак. Шундагина тарози посангиси бузилмайди.
— Нима қилайлик ука, — дейди сотувчи онахонлардан бири. — Ўтган ҳафта 1 кило сабзини 5 минг сўмдан сотгандим. Бугун 8 минг бўлди. Ўзим 7 минг сўмдан олганман. Жой пули, тарози пули, овқат пули, келиб-кетиш, дегандай... Ўзига яраша харажатларим бор-да.
— Олти йилдан буён тўғралган сабзи сотаман, — дейди Гулнора Ҳасанова. — Кимдир рўзғорга 2-3 кило олса, бошқа биров тўй ва шодиёналар учун 80-100 килогача буюртма беради. Сабзининг нархи ошди-ю, мижоз сони камайди.
— Балки қиммат сотаётгандирсиз? — Савол бераман сотувчига.
— Йўқ, ундай эмас. Бозорда сабзи 5 минг сўм бўлса, тўғралгани 6 минг сўмдан сотилади. Бизга минг сўм пул қолади, холос. Демак, маҳсулот қанча кўп ва арзон бўлса, ишимиз ҳам шунча бароридан келаверади...
— Яширишнинг ҳожати йўқ, — дейди ўзини таништиришни истамаган ошпаз. — Ҳозир айни тўй мавсуми. Пандемия даври бўлишига қарамай, 200-300 та меҳмон чақираётганлар ҳам учраб турибди. Айрим тўйларда маслаҳат оши, наҳор оши ва аёллар базми учун 120-150 килогача гуруч дамланади. Одатда таом яхши бўлиши учун тенг миқдорда сабзи қўшамиз. Демак, 150 кило гуручга 150 кило сабзи керак. Бу эса камида 1 миллион сўм пул, дегани...
— Кўп йиллар давомида Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Денов туманларида етиштирилган сабзи мамлакатимизнинг қатор вилоятларига етказиб берилган, — дейди ЎзХДП фаоли Шаҳло Қодирова. — Бунга, айниқса, Денов туманидаги “Хўжахалқи”, “Қўзичоқли”, “Пахтакураш”, “Остона” ва “Чуқурқишлоқ” маҳаллалари деҳқонлари муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Чекка ҳудудда 24 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, 4 мингга яқин хонадон бор. Юртдошларимизнинг аксарият қисми сабзавот маҳсулотлари экади.
— Ота-боболаримиз бундан 550-600 йил аввал ҳам сабзи етиштирган, экан, — дейди “Хўжахалқи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мамасоат Ибрагимов. — Аждодлар анъанасини давом эттираяпмиз. Халқимиз шунга ўрганиб қолган. Хуллас, драйвер соҳа сабзичилик бўлиб қолди. Шу ўринда бир мулоҳаза. Отам 92 ёшда вафот этган бўлсалар, Иккинчи жаҳон уруши йилларида сабзи халқимиз учун зарур озуқага айланганини кўп бор такрорлардилар. Шундан ҳам аёнки, оқсил ва витаминларга бой маҳсулот инсон саломатлигида муҳим ўрин тутади. Ҳудудда ҳар йили ўртача 8-10 минг тонна сабзи етиштирилса-да, бирорта қайта ишлаш корхонаси ташкил қилинмаган. Маҳсулот сақлайдиган омборхоналарга эҳтиёж сезилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, сабзидан турли шарбат тайёрласа ҳам бўлар экан. Шу билан бир қаторда жаҳон бозорида қуритилган маҳсулотга талаб тобора ортиб бормоқда. Ана шундай истиқболли йўналишлар ҳаётга татбиқ қилинса, ўнлаб янги иш жойлари вужудга келарди. Деҳқонларимизнинг даромади бир неча баробарга ошиб, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти янада юксаларди.
— Тасарруфимизда 40,16 гектар ер майдони бор, — дейди ҳудуддаги “Сурхон Искандар соҳиллари” фермер хўжалиги раҳбари Ҳамза Раҳимов. — Унинг 19,8 гектарига пахта, 17,40 гектарига ғалла экилган. Йил бошида “Ёшлар дафтари”га киритилган Дурдона Абдурасулова, Холмамат Каримов, Бурхон Қаҳҳоров ва Азизбек Алибоевларнинг ҳар бирига 20 сўтиқдан ер майдони ажратиб бердик. Ишнинг кўзини биладиган ўғил-қизларимиз шижоат билан меҳнат қилишди, ўша жойларга сабзи экишди. Ҳозир 25-30 тонна маҳсулот тайёр. Бир тонна сабзи беш минг сўмдан сотилганда ҳам бу 125-150 миллион сўмни ташкил этади.
— Олти нафар фарзандим бор, — дейди “Хўжахалқи” маҳалласида истиқомат қилувчи Олимжон Шойимқулов. — Қарийб 40 йилдан буён деҳқончилик қиламан. Ҳар йили бозорга 30-35 миллион сўмлик маҳсулот чиқарамиз. Бу йил деҳқонларнинг сабзи борасида омади келди. “Чорвачилик қирқ йилда, деҳқончилик бир йилда”, деганларидек, кимдир 15-20 миллион сўм даромад олган бўлса, тадбиркору ишбилармонлар 80-100 миллион сўмгача фойда кўришди. Сабзидан бир йилда икки марта ҳосил олиш мумкин. Дастлаб февраль ойининг сўнгги ўн кунлигида уруғ сепилса, шундан кейин кузги-қишки мавсумга тайёргарлик бошланади. Бунинг учун 1 августга қадар экин-тикин ишларини якунлаш керак.
Шу ўринда соҳанинг ўзига хос қийинчиликлари борлигини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Қиш чилласи-ю саратоннинг офтобида дала текислаш, эгат очиш, уруғ қадаш, ўғит сепиш, сабзи кавлаш, даладан чиқариш ва бошқа юмушларни бир кўз олдингизга келтирсангиз, деҳқонга ҳам осон эмаслигини тушуниб етасиз.
— Саккиз сўтиқ томорқамиз бор, — давом этади шу маҳаллада яшовчи Тўлқин Норбоев. — Жорий йилнинг февраль ойида сабзи эккандик. Икки марта бегона ўтдан тозаланиб, бир қоп минерал ўғит берилди. Бундан икки ҳафта олдин 3 тонна ҳосилни 15 миллион сўмга сотдик.
Ҳозирги кунда маккажўхори баравж ривожланмоқда. Кузда 550-600 килограмм дон ва 5 тонна чорва озуқаси олишни мўлжаллаб турибмиз. Хуллас, омилкорлик билан иш юритилса, 8 сўтиқ жойдан 20-25 миллион сўм даромад қилса бўларкан...
— Яқин кунларда Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва бошқа вилоятлардан сабзи кела бошлайди, — дейди меҳнат фахрийси Тўйчи Очилов. — Шундан кейин Сурхондарё бозорларида ҳам маҳсулот арзонлашади.
Сабзи қарсиллатиб тишлайдиган ҳолатга келгунча деҳқон кўп заҳмат чекади. 2-3 йил меҳнатига куйган деҳқон бу йил сабзини 3-4 минг сўм қимматроққа сотса сотибди-да, шунга дарров нархни тушириш бўйича “йўл харита”си ишлаб чиқиш керакмасдир. Ундан кўра “каттаконлар” деҳқоннинг меҳнати ва меҳрини куйдирмаслик ҳақида ўйласалар, гулдай иш бўларди.
Абдумалик ҲАЙДАРОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 30.06.2021, №25