Уй-жой кодексида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилмоқда

 

Маълумки, 1999 йил 1 апрелдан амал қилиб келаётган Уй-жой кодекси СССР уй-жой қонунчилиги асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг нормалари замон талабларига тўлиқ жавоб бермаяпти. Бу ўз навбатида, уй-жой соҳасидаги давлат бошқарувини қайта кўриб чиқиш ва уй-жой сиёсатини тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш заруратини юзага келтирди. Бундан ташқари, Уй-жой кодекси ва Фуқаролик кодексида назарда тутилган айрим нормалар бир-бирини такрорлайди ёки уларнинг мазмуни ўзаро зид келмоқда. Бу ҳуқуқни қўллаш жараёнида турли талқинларга, низоли ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, уй-жой соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, аҳамиятини йўқотган ҳамда аҳолининг эҳтиёжлари ва замон талабларига жавоб бермайдиган нормаларни бекор қилиш, уй-жой муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларни тўғридан-тўғри Уй-жой кодексида акс эттиришга эҳтиёж туғилди.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида кун тартибидаги қатор масалалар қаторида «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда фракция аъзолари ва мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида кўриб чиқилди. Лойиҳа юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов маълумот берди.

Таклиф этилаётган ўзгартишларга кўра, турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказиш ёки нотурар жойларни турар жой тоифасига ўтказиш, боғдорчилик ва бошқа ер участкаларида жойлашган иморатларни уйлар деб тан олиш тартиби ва асослари, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларида турар жой қуриш, ётоқхоналардан жой бериш асослари ва тартиби, ётоқхонадаги турар жойлардан фойдаланиш, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун бериладиган махсус уйлар, жумладан, “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларининг, “Меҳрибонлик” уйларининг мақоми ва улардан турар жой бериш тартиби каби масалалар тартибга солиниши назарда тутилмоқда. Шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат уй-жой сиёсатини белгилаш мақсадида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш, ҳисобга олишни рад этиш асослари, турар жой масалалари бўйича комиссиялар фаолияти ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларни турар жой билан таъминлашга оид қоидалар билан тўлдирилмоқда.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларни турар жой билан таъминлашнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари ва уларнинг мазмуни очиб берилмоқда. Жумладан, ипотека кредити бўйича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўлаш, намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуриш ва уларни сотиш, аҳолининг алоҳида тоифалари учун турар жойлар қуриш ва уларни сотиш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жой билан таъминлаш, ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари ходимлари ва бошқа айрим тоифадаги давлат хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартибга солувчи алоҳида боблар киритилмоқда.

Депутатлар соҳага оид қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Кун тартибидаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари ҳам фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш