Давлат ҳаётининг барча жабҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида Ўзбекистон ташлаётган қадамлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда.
Ўзбекистонда фуқаролик жамияти – ҳуқуқий демократик давлат билан уйғунликда яшайди. Бу ерда инсон ва фуқаронинг табиий ҳамда ўзлаштирилган ҳуқуқларини тан олиш, таъминлаш, ҳимоя қилиш боғловчи омил сифатида амал қилади. Фуқаролик жамиятининг асосий унсури айрим шахс бўлса, фуқаролик жамияти институтлари, ташкилотлар, партиялар ва гуруҳлар уни шакллантирувчи омиллардир. Улар инсонларнинг манфаатлари, мақсадлари, ниятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашади. Фуқаролар билан давлат ўзаро ҳуқуқлар ва бурчлар орқали узвий боғлиқ ҳамда бу ҳуқуқ, эркинликлар дахлсиз бўлиб, ҳеч ким уларни суднинг қарорисиз маҳрум этиши ёки чеклаши мумкин эмас. Айни вақтда фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишлари бошқа фуқароларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатларига зид бўлмаслиги лозим.
Фуқаролик жамияти – очиқ ижтимоий тузилма. Унда сўз эркинлиги, ошкоралик, жамиятдаги ўзгаришларга муносабат билдириш, ўзгаришларга танқидий ёндошиш ва муносиб таклифлар ишлаб чиқиш ва давлат ва жамият фаолиятида фақатгина кузатувчи бўлиб эмас, балки фаол иштирокчи бўлиш талаб этилади.
Фуқаролик жамиятининг шаклланишида унинг барча институтлари ўзаро алоқадорликда ишлаши муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда жамоатчилик назоратини ўрнатиш давлат ҳокимияти органларининг аҳоли олдидаги барча мажбуриятларини қандай бажараётганликларини назорат қилишдан иборат. Мамлакатни модернизациялаш, коррупцияга қарши кураш кучайтирилаётган ҳозирги шароитда жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёс даражада ортади. Жамоатчилик назоратини кучайтириш мамлакатда қонунчиликни таъминлашнинг кафолатли вазифасини бажаради. Давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати турли кўриниш, шакл ва усуллар ёрдамида ўтказилади.
Буларга жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик тинглови, жамоатчилик суриштируви, жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик кузатуви механизмларини мисол сифатда келтириш мумкин. Улар орасида ҳозирги шароитда бизнинг мамлакатимизда энг кўп қўлланилаётгани жамоатчилик тингловидир. Мазкур шакл ижтимоий аҳамиятга молик бўлган у ёки бу муаммони ҳал қилишда турли ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини ўзаро келиштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мамлакатимизда жамоатчилик назоратининг энг кўп тарқалган кўринишларидан бири, вилоят, туман ва шаҳарларда маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари, хусусан ҳокимларнинг ҳудуд халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларга ҳамда ўша ҳудуд аҳолиси олдида муайян давр (чорак, ярим йил ёки йил) давомида режаларнинг қандай бажарилаётгани тўғрисида ахборот беришидир. Бунда ҳокимдан ташқари ҳудуддаги аҳолига хизмат кўрсатадиган барча ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари ҳозир бўлишади. Тинглов давомида эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар, режадан орқада қолиш, кўрсатилаётган хизматларнинг тўлалиги ва сифати сингари масалалар ҳам муҳокама қилинади. Бундай тингловлар мамлакатимиздаги барча ҳудудларда анъана тусини олди.
Фуқаролик жамиятида инсонлар фақатгина ҳақ-ҳуқуқларини билиши эмас, балки ундан фойдалана олишлари ҳам керак бўлади. Бунда барча даражадаги депутатлик гуруҳлари томонидан қонунлар, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Президентнинг фармон, қарорлари, Ҳукумат қарорлари устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш ва Давлат органи, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият мансабдор шахслари устидан назоратни таъминлаш фуқаролик жамиятининг асоси ҳисобланади.
Жаҳонгир Олимов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.