Хабарингиз бор, “COVID-19” инфекциясига қарши самарали курашиш, ушбу хавфли хасталикдан халос бўлиш бугунги кунда инсоният олдидаги энг муҳим масала бўлиб қолмоқда. Мана шундай оғир ва мураккаб даврда дунё олимлари томонидан коронавирусга қарши яратилаётган вакциналар касалликнинг олдини олиш ва пандемияни тўхтатиш учун катта умид ва ишонч бағишламоқда.
Бироқ, афсуски, аксарият мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирлари бошлангач, ижтимоий тармоқлар ҳамда аҳоли орасида турли асоссиз, ҳеч қандай мантиқ, ҳақиқатга тўғри келмайдиган миш-миш ва ёлғон хабарлар тарқалиши авж олди.
Айниқса, республикамиздаги эмлаш тадбирларида мутлақо иштирок этмаган ва мамлакатимизга олиб келинган вакциналар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаган айрим юртдошларимизнинг чет элда туриб, халқимиз орасида вакцинага нисбатан ишончсизлик уйғотиши, унинг таркиби, инсон организмига таъсирлари ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиши ачинарли, албатта. Аслида бундай одамларнинг вакциналарни зарарли дейишига ҳеч қандай асосли фикри йўқ ва уларнинг гап-сўзлари қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас. Боиси, улар ушбу вакциналарни ишлаб чиқариш ва синов жараёнларида, қолаверса, юртимиздаги эмлаш тадбирларидан мутлақо бехабар. Ваҳоланки, мутахассис, шунингдек, вакцина билан эмланган фуқаро сифатида айтишим мумкинки, юртимизга олиб келинаётган барча вакциналарнинг сифати, самарадорлиги мутахассислар томонидан тўлиқ исботланган.
“COVID-19” инфекциясини олдини олиш учун эса жамоавий иммунитет керак. Жамоавий иммунитет эса фақат икки йўл – оммавий касалланиш ва эмланиш билангина шаклланади. Биринчи йўл – оммавий касалланиш нақадар хавфли эканига ўтган бир йилдан ортиқ вақт давомида барчамиз гувоҳ бўлдик. Шундай экан, ягона йўл – эмлаш орқали мустаҳкам иммун қўрғонини шакллантиришимиз керак. Аҳолининг 60-70 фоизида иммунитет бўлмас экан, жамоавий иммунитетни, бу орқали барқарор эпидемиологик вазиятни таъминлай олмаймиз.
Маълумки, бугун дунёдаги саноқли мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам 18 ёшдан юқори бўлган фуқароларни “COVID-19”га қарши оммавий эмлаш учун барча шароитлар яратиб берилди. Айни пайтга қадар мамлакатимизга 7,4 миллион доза вакцина олиб келинди. 4 миллион нафардан ортиқ фуқаро эса ушбу касаликка қарши эмланди. Шундай экан, эмлаш борасидаги турли асоссиз хабарларга ишонмаслигимиз, аксинча, давлатимиз томонидан яратиб берилган имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз лозим. Зеро, бу ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги учун жуда муҳим.
Қизилгул Қосимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.