“Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга киритилмоқда

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида таълим тизимини барча бўғинларида улкан ислоҳатлар олиб борилмоқда. Мактабгача таълим тизимидан бошлаб, умумий ўрта таълим, олий таълим ва олий таълимдан кейинги босқичда ҳам узоқни кўзланган ҳолда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Биргина Мактабгача таълим тизимида сўнгги 2-3 йил мобайнида тизимга бўлган алоҳида эътибор натижасида мактабгача ёшдаги болаларнинг боғчаларда қамраб олиниши курсаткичи 24 фоиздан 40,5 фоизга ортди, мактабгача таълим муассасалари сони эса қарийб икки баробарга кўпайиб, давлат мактабгача таълим муассасалари билан бир қаторда давлат шериклик асосидаги ва хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳисобига уларнинг сони ҳам ортиб бормоқда ва бу ишлар бугунги кунда ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда.

Энг асосийси мактабгача таълим муассасалари бугунги кунда ҳар томонлама ривожланиб, мазмунан ва сифат жиҳатидан тамомила такомиллашиб бормоқда. Яъни, авваллари боғчалар ота-оналар ишга кетганида фарзандларини вақтинча сақлаб турувчи муассасадан бугунги кунда том маънодаги болаларга таълим ва тарбия берадиган, яъни уларни мактабга ўқиш ва ёзишни пухта ўргатиб чиқарадиган таълим ва тарбия масканига айлантириш мақсадида ишлар олиб борилмоқда. Мақсад яқин уч-тўрт йил ичида мактабгача ёшдаги фарзандларимиз қамровини 2-2,5 бароварга оширишдир. Сўнгги йилларда мактабгача таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, соҳасини малакали кадрлар билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Мактабгача таълим соҳани хуқуқий жихатдан тартибга солиш мақсадида тайёрланган "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси жорий йилнинг июль ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилгандан сўнг ўтган тўрт ой мобайнида мутахассислар, экспертлар ва соҳа вакиллари иштирокида депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳаси такомилига етказилиб иккинчи ўқишга тайёрланди. Қонун лойихаси Вазирлар Махкамаси томонидан кириб келганида 11 боб, 63 та моддадан иборат бўлган бўлса, иккинчи ўқишга тайёрланган вариантида 11 боб 58 та моддага айлантирилди.

Қонун лойиҳаси билан биринчи марта миллий қонунчиликда мактабгача ёшдаги болаларни эрта ривожланиш жараёнини алоҳида босқичларда бўлишини, яъни болаларни тарбиялаш ва уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда боланинг мактабгача таълим олишини белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларининг таснифи, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.

Лойиҳада мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш ва ривожлантириш соҳасида давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини амалга ошириш мустаҳкамланмоқда, хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишнинг мажбурий тартиби юзага келиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, мактабгача ёшдаги болаларнинг тўлиқ қамраб олишни таъминлаш мақсадида, оилада мактабгача таълим олиш имконини берувчи оилавий мактабгача таълим муассасасини жорий қилиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси мактабгача таълим тизимини узлуксиз таълимнинг ягона муҳим элементи, давлат бошқарувининг самарали тизимини яратиш, тармоқни кенгайтириш, давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашнинг энг муҳим элементи сифатида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқув жараёнига замонавий таълим дастурларини жорий этиш, болаларни интеллектуал, маънавий, эстетик ва жисмоний ривожланишини таъминлаш ҳамда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини оширишни назарда тутади.

Лойиҳада мактабгача ёшдаги болаларни ривожланишининг асосий принциплари ва мақсадини мактабгача таълимнинг давлат кафолатлари белгилаб берилмоқда. Шунингдек, “Мактабгача таълимнинг давлат таълим дастури”, “ўқитишнинг муқобил шакли”, “болаларни парвариш қилиш”, “ўзига хос эҳтиежларга эга болалар”, “инклюзив таълим” каби тушунчаларга тўлиқ очиб берилган. Қонун лойиҳасида ҳаволаки нормалардан воз кечилиб, тўғридан тўғри амал қилувчи моддаларга айлантирилган бўлса, мазмунан ўхшаш моддалар эса битта моддага бирлаштирилмоқда.

Асосийси бугунга қадар мактабгача таълим тизими 50дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида фаолият юритаётган бўлса эндиликда ягона қонун бутун тизимни тартибга солишга хизмат қилади.


Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.


Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш