Пандемияга қарши курашдан четда турманг

 

Коронавирус деган бало ҳали-ҳамон юртимизга ташвиш келтирмоқда. Куни кеча махсус комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вакцина олгани учун имтиёз сифатида тўлов-шартнома асосида ўқиётган талабаларга 10 фоизлик бир марталик чигирма берилиши маълум қилинди. Мамлакатимизда 700 мингга яқин талабалар бор.

Она сифатида бу янгилик мени жуда қувонтирди. Чунки, оиламизда ҳам контракт асосида ўқийдиган икки нафар талаба бор. Ўғлим ва бўлажак келиним тўлов-контракт асосида ўқишади. Ҳар иккаласидан 2 миллионга яқин маблағ оиламизнинг бюджетида қолмоқда.

Талабаларнинг коронавирусга қарши эмланиши юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг ҳам ота-оналарга қилган мурожаатини эшитдик. Унда айтилганидек, касалликни олдини олиш ва вирусни тезроқ юртимиздан даф қилиш ҳаммамизга боғлиқ бўлиб турибди. Шундай экан, барча фуқароларимизни вакцина олишга чақираман.

Мен ҳам олмоқчи бўлдим, лекин ҳозир карантинда – ўзини ўзи яккалаш тартибида бўлганим учун шифокорлар мумкин эмаслигини айтишди. Уч кундан сўнг албатта оламан. Вакцина – бу эмлаш. Дунёга келганимизга 5 кун тўлгач, барчамиз эмланганмиз. Ҳозиргача ҳисоблаб кўрсам, 10 дан ортиқ эмдори олган эканмиз. Ҳар йили гриппдан сақланиш учун ҳам эмланардик.

Шу ўринда бир савол туғилади: юртимизда ўқитувчилар ва тарбиячиларнинг бепул эмланиши давлатимизнинг халқимизга бўлган ғамхўрлигининг амалий исботи эмасми? Кўпчилик давлатларда даволаниш ҳам, эмлаш ҳам тўлов асосида амалга ошириляпти. Шундай экан, ҳар биримиз жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан яшамоғимиз лозим. Бу сиз ва бизнинг юртимизда пандемия балоси авж олишидан қутқаришга қўшган ҳиссамиз бўлади.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш