Жарқўрғондаги сайлов натижаларига оид тортишувлар назоратда

 

4 июнь, якшанба куни Тошкент шаҳридаги айрим сайлов участкаларида бўшаб қолган ўринлар учун сайлов ўтказилди. Табиийки, ҳар бир ўрин учун муросасиз кураш кетмоқда. Номзодлар ҳам ҳар қачонгидан кучли. Кураш бор жойда, тортишувлар, муаммолар бўлади. Айтмоқчи бўлганимиз, бугун депутат Расул Кушербаевнинг телеграмдаги саҳифасида 26-Жарқўрғон сайлов округидаги 522-сайлов учусткасида сайлов комиссияси аъзоси партия кузатувчисини ҳақорат қилгани акс этган видеолавҳа эълон қилинган эди. Ижтимоий тармоқларга тарқалган иккинчи лавҳада эса сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатлари акс этган.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани Халқ депутатлари кенгашига 26-Жарқўрғон сайлов округида бўшаб қолган ўрин учун сайлов бўлиб ўтган. Тарқатилган видео ёзувларнинг бирида сайлов комиссияси аъзолари Ўзбекистон ХДП номзодини қўллаб-қувватлаш мақсадида ортиқча сайлов қоғозларини сайлов қутичасига ташлаётганини Экологик партия кузатувчиси кўриб қолгани акс этган. Аммо ЎзХДП номзодининг кузатувчилари ва ишончли вакилларида ҳам рақиб партиялар томонидан қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилган фактлар борлиги аён бўлди. Ҳозирги пайтда масала тегишли тартибда ўрганилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам мазкур масала юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда. Жамиятда ижтимоий адолат принциплари учун курашаётган Халқ демократик партияси қонун устуворлиги тарафдори сифатида ҳуқуқбузарликларга доимо муросасиз бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Тошкент шаҳар кенгаши.

 
← Рўйхатга қайтиш