Пандемия занжирини узиш ҳаммамизга боғлиқ

 

Юртимизда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳамон хавотирли бўлиб турибди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотига кўра, кеча мамлакатимизда 496 нафар кишида коронавирус, 172 нафар кишида пневмония аниқланиб, 3 нафар бемор вафот этган.

COVID-19 билан зарарланиш ҳолатларининг кескин кўпайганлиги турли сабаблар билан изоҳланмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган айрим фикрларда карантин қоидаларига риоя этилмаётгани, пандемия пайтида ўтказилиши соғлом ақлга мутлақо тўғри келмайдиган оммавий тадбирлар ҳаддан ортиқ кўп ташкил этилаётгани ифодаланган бўлса, бошқаларида касалланиш ҳолатларининг кўпайгани юртимизда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари яхши ташкил этилмагани сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

Лекин ҳақиқат шундаки, коронавирус хуружи яна авж олди. Бундай шароитда ҳар ким, ҳар биримиз карантин ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишимиз, зарурат бўлмаганда, одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормаслигимиз, пандемия балосидан ўзимизни ўзимиз асрашимиз керак. Бу борада, шифокор мутахассислар тавсияларига амал қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Энг асосийси эса, COVID-19 га қарши эмланишни мумкин қадар ортга сурмаслигимиз керак. Вакцинанинг салбий оқибатлари ҳақидаги асоссиз миш-мишларга ишониб, бу жараёндан четда туришингиз нафақат ўзингиз, балки, оила-аъзоларингизнинг саломатлиги, ҳаёти учун ҳам таҳдид эканини унутманг.

Коронавирус пандемияси занжирини узишнинг яккаю ягона йўли – оммавий эмланиш эканлиги хусусида дунё олимлари аллақачон якдил фикрга келиб бўлишди. Қолаверса, бу эмлаш юқори суръатларда ташкил этилган давлатлар мисолида ўз исботини топди ва уларда карантин чоралари деярли буткул бекор бўлиш даражасига етди.

Шундай экан, ўзингиз ва яқинларингизнинг саломатлиги учун бефарқ бўлманг. Сиз ўзингизни коронавирусдан ҳимоя қилиш орқали, яқинларингизни, бошқаларни ҳам бу касалликдан асрашингиз мумкинлигини унутманг!


Дилшод ИСЛОМОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати масъул ходими.

← Рўйхатга қайтиш