Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Хусусан, Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси партиянинг дастурий мақсадларидан ва электоратимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўрганилди. Чунки, қонун лойиҳасини қабул қилинишидан асосий мақсад халқимизни, оддий фуқароларни, яъни истеъмолчилар манфаатини янада ишончли таъминлаш кўзда тутилган. Айтиш керакки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси кўрилаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатга ўзининг принципиал позициясидан келиб чиққан ҳолда ёндашади. Шу нуқтаи назардан қонун лойиҳасидаги айрим жиҳатлар депутатларимизнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди.
Дилбар Мамаджанова, ЎзХДП фракцияси аъзоси:
— «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳасининг 1-моддаси 10-бандида, яъни “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасига ўзгартириш киритиш орқали, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига тадбиркорларга нисбатан молиявий санкция қўллаш бўйича катта ваколатлар берилмоқда. Бизнингча, агентликка бундай катта ваколатларнинг берилиши келгусида коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Ажабланарлиси, ҳатто қонуннинг мазмун-моҳиятига зид бўлган бундай ваколатлар фуқароларнинг эмас, балки Агентлик манфаатига хизмат қилмоқда. Табиийки, бу ўринда қонун лойиҳасини тайёрлаган ташкилотнинг ўз манфаатлари йўлидаги “лоббизми” очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шу билан бирга, шахснинг хатоси учун ташкилотга нисбатан молиявий санкция қўлланишини нотўғри, деб ҳисоблаймиз. Бу каби санкциялар пандемия шароитида шусиз ҳам қийин аҳволга тушиб қолган тадбиркорларнинг фаолиятига, ишлаб чиқарувчиларни оёққа туришига, фуқароларнинг бандлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу каби ҳолатларни назарда тутган ҳолда, биз қонун лойиҳасининг 1-моддаси 10-банди маъқулланишига қарши овоз беришга қарор қилдик. Депутатлар фракциямизнинг фикрини инобатга олган ҳолда, қонун лойиҳасини маъқулламадилар ва у қайта ишлаш учун тегишли қўмитага қайтарилди. Айтмоқчиманки, ЎзХДПнинг ҳар бир масала, ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича электроти манфаатидан келиб чиқадиган ёндашуви бор. Агар бизнинг таклифларимиз инобатга олинмаса, келгуси сафар ҳам кун тартибига киртилса, унга қарши овоз берамиз. Биз учун сайловчи манфаати, электорат манфаати бирламчи. Бу позициямиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз.
Йиғилишда депутатлар томонидан муҳокама қилинган яна бир – «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасиниХДП фракцияси аъзолари концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаган эди. Маълумки, партиямизнинг сайловолди дастуридан келиб чиқиб, партия ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, ёлғиз кексалар умуман ижтимоий кўмакка муҳтож оила катламлари назоратга олинган. Яъни, ногиронларга давлат томонидан субсидиялар ажратиш, уларни иш билан таъминлаш кафолатланган. Бироқ, қонун лойиҳаси бўйича бир қатор саволлар очиқ қолгани учун фракциямиз аъзолари бу қонун лойиҳасини ҳам ортга қайтардилар. Нима учун деган савол туғилади.
Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилорам Имамова:
— Гап шундаки, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ЎзХДП фракцияси қатъий позициясига кўра бир неча сабаблар ортидан масъул қўмитага қайтарилди. Биринчидан, мазкур қонунда аҳолининг ижтимоий қатлами манфаатларидан келиб чиқиб фракция билдирган таклифлар инобатга олинмаган. Иккинчидан, қонун лойиҳаси юзасидан берилган саволларнинг очиқ қолгани фракция депутатларининг жиддий эътирозларига сабаб бўлди.
Мисол учун, қонун лойиҳасининг 4-моддасида ижтимоий тадбиркорликнинг асосий принциплари назарда тутилган бўлиб, у билан миллий қонунчилигимизда мутлақо учрамаган "ижтимоий тадбиркорликдан олинган даромадларни ижтимоий корхона фаолиятини ривожлантиришга ёки ижтимоий лойиҳаларга реинвестиция қилиш" принципи белгиланмоқда. Ушбу қоида қанчалик тўғрилигини афсуски, бизга изоҳлаб бериша олмади.
Учинчидан, мазкур қонун лойиҳасининг 3-моддасида “ижтимоий тадбиркорлик”тушунчасига тасниф берилгани ҳолда, унинг мазмун-моҳияти 5-модда, яъни "Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг асосий йўналишлари" тўғрисидаги моддада баён этилган тушунчанинг мазмунига билан мос келмайди.
Қонун лойиҳасининг 6-моддасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари назарда тутилган бўлиб, унга кўра аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини иш ўринлари билан таъминлаш назарда тутилмоқда.Бу билан уларнинг нафақа олишга бўлган ҳуқуқларини чекламаслик мақсадида, қонун билан ушбу тоифа шахсларнинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқлари ҳам кафолатланиши белгиланса мақсадга мувофиқ бўлар эди.Афсуски, қонун лойиҳасида бу норма ўз ифодасини топмаган.
Юқоридагиларга кўра, «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланмади.
Қонун лойиҳалари муҳокамаси чоҳида ЎзХДП фракцияси аъзолари «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан ҳам ўз муносабатларини билдирдилар. Бу борада фракциямиз эътирозига сабаб бўлган масалалардан бири шундаки, қонуннинг 1-моддаси сўнгги хатбошисида фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади, деб кўрсатилган. Аммо ушбу модданинг 4-хатбошисида асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар рўйхатга киритилган. Аслида, мазкур нормани ҳам юқоридаги рўйхатга киритиш мумкин.
Қонунчилик палатасидаги ХДП фракцияси аъзолари ҳар бир қонун лойиҳасига аввало электорати манфаати нуқтаи-назаридан қарайди ва ҳар бир модда, ҳар бир бандда электорат манфаати ўз ифодасини топиши учун курашади.
Шундай экан, биз берган таклифлар инобатга олинмаса, юқоридаги қонун лойиҳаларини яна қайта ишлашга юбораверамиз. Позициямиз қатъий.