Давлатимиз раҳбари куни кеча муҳим бир тарихий ҳужжат — “Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарордан кўзланган асосий мақсад, ёшларни ўз устида мунтазам ишлашга ундаш ҳамда билимли ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашдир. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши яқиндагина давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашувида билдирган фикрларининг амалдаги ифодаси десам, айни ҳақиқат бўлади.
Қарор билан ёшлар ҳаётига доир бир қатор янгиликлар амалга оширилади. Жумладан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий), ёзма имтиҳон) энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилади.
Бундан ташқари, қарорга кўра:
— Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларига кўра таълим соҳалари кесимида, таълим олиш тилидан қатъи назар, республика бўйича энг юқори балл тўплаган абитурентларнинг 200 нафари Президент грантига даъвогар бўлиши;
— Президент грантига даъвогар бўлган абитурентлар рўйхати ҳар йили кириш имтиҳонлари ва танлов тўлиқ якунлангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланиши;
— Президент грантига даъвогар бўлган абитурентлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши;
— Президент гранти совриндорлари биринчи курсда барча фанларни “аъло” баҳоларга ўқиган, маънавий- маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришган, мазкур грантга даъвогар талабалар орасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Олий таълим кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида аниқланиши;
— ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси тайинланиши;
Президент гранти учун белгиланган стипендия иккинчи курснинг ўқув йилидан бошлаб ойма-ой тўланиши;
— ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистуратурага кириш имтиҳонларсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиниши каби бир қатор имтиёзлар берилади.
Шунингдек, Президент грантига даъвогар талабгорларга ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига оид конференция (танлов)ларда иштирок этиш, ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига мос камида иккита илмий-тадқиқот иши (асар)ни эълон қилиш, давлат тили билан бир қаторда камида битта хорижий тилни ва Ўзбекистон тарихини билиши каби минимал талаблар ҳам қўйиляпти.
Ушбу талабларнинг қўйилиши ёшларни кўпроқ ўз устида ишлашга, тил ўрганишга, изланишга, мустақил фикрга эга бўлишга ундайди. Юқоридаги каби талаблар ёшлар ўртасида рақобат муҳитини шаклланишига олиб келиши билан бирга, маънавий-ахлоқий томондан юксак интелектуал билимга эга бўлган ёшлар базаси шаклланишига хизмат қилади.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур қарорнинг қабул қилиниши ҳар бир ота-она, айниқса, ёшларни ўз олдига аниқ вазифалар белгилаб олишга чорлайди. Ёшларимиз келажакда етук кадрлар бўлиб шаклланади, жамиятни бошқаради. Ўз соҳасининг билимдони ва етук мутахассиси бўлган кадрлар эса халқимиз, жамиятимизнинг бебаҳо бойлигидир.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.