Искандаровлар оиласидан хабар олинган, уйи ҳам таъмирдан чиқарилади

 

Кейинги пайтларда турли ижтимоий тармоқларда кам таъминланган, аммо “Темир дафтар”га киритилмаган оилалар томонидан маҳаллий ҳокимиятлар ва идоралар ёрдам бермаётгани юзасидан турли шикоятлар тарқатилмоқда. Худди шундай эътирозлардан бири Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи Искандаровлар томонидан видеолавҳа кўринишида ифода этилган. Унда айтилишича, “1 та сигири, 7 та товуғи” борлиги сабаб маҳалла фаоллари оилани “темир дафтар”га киритишмаган, гарчи оиланинг уйи авария ҳолатига келиб қолгани ва ночор моддий аҳволига қарамай.

Очиғи видеолавҳа тарқалганидан кейин вазиятни ўрганиш учун Искандаровлар хонадонига партиямизнинг бир гуруҳ фаоллари билан ташриф буюрдик. Ҳокимлик ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан мулоқот ўтказдик. Тарқатилган видеода Абдуалим Искандаров ўзини ногирон эканлигини ҳамда тумандаги масъул ташкилотлар томонидан умуман ўзининг ҳолидан хабар олмаганликлари билдирган. Ўрганишларимиз натижасида фуқаро А.Искандаровнинг оиласи ҳолидан туман ҳокимлиги, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, шунингдек “Ишкент” маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари мунтазам равишда хабар олиб туришгани, давлат томонидан бериладиган моддий ва бошқа турдаги ёрдамлар мунтазам равишда берилиб борилгани аниқланди. Жумладан, пандемия шароитида “Саҳоват ва кўмак” фонди томонидан доимий озиқ-овқат маҳсулотлари, жами 3 млн 70 минг сўм пул маблағлари, 2021 йил апрел ойида туман ҳокимининг ташаббуси билан 1 қоп ун ва бошқа турдаги озиқ-овқат махсулотлари берилганлиги аниқланди.

Шунингдек, фуқаро А.Искандаров уй-жойини таъмирлаш бўйича туман ҳокимининг ўринбосари томонидан тез кунларда амалий ёрдам берилиши билдирилди. Бизнингча, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тегишли тартибда яна ёрдам чораларини кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунга кўра, ЎзХДП Яккабоғ туман Кенгаши томонидан ҳам бу масала юзасидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. А. Искандаровлар оиласи муаммоси партиямизнинг қатъий назоратига олинди.

 

Назира Элмуродова,

ЎзХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси.

← Рўйхатга қайтиш