Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ фракциямиз аъзолари жойларда бўлиб, “Темир дафтар” аҳволини ўргандилар. «Темир дафтар» орқали юзлаб, минглаб оилалар қўллаб-қувватланмоқда, даромадини оширмоқда, иш бошламоқда. Ният катта, ният эзгу! Лекин жойларга чиқиб, маҳалла оралаб, дафтарни варақласангиз, кўп нарсаларга кўзингиз тушади. Рўйхатдаги одамлар шароитини қулоқ билан эшитиб, кўз билан кўриб ўрганилганида дафтар билан боғлиқ ишлар ҳар доим ҳам шаффоф ва адолатли эмаслигига ишонч ҳосил қилинди. Daryo.uz сайтида депутат Шоҳиста Турғунованинг шу ҳақдаги фикрлари чоп этилди.
Депутат Шоҳиста Турғунова: «Темир дафтар»дан чиқариш шунчалик осонми?
«Темир дафтар» орқали юзлаб, минглаб оилалар қўллаб-қувватланмоқда, даромадини оширмоқда, иш бошламоқда. Ният катта, ният эзгу! Лекин жойларга чиқиб, маҳалла оралаб, дафтарни варақласангиз, кўп нарсаларга кўзингиз тушади. Биз яқинда жойларда дафтар билан боғлиқ ишларни ўргандик. Рўйхатдаги одамлар шароитини қулоқ билан эшитиб, кўз билан кўриб ўрганганимизда дафтар билан боғлиқ ишлар ҳар доим ҳам шаффоф ва адолатли эмаслигига амин бўлдик.
«Темир дафтар» нима мақсадда ташкил этилганини англамаган раҳбарларни кўриб ёқа ушлайсан киши. Шундай мутасадди ташкилотлар раҳбарлари борки, дафтарга шунчаки статистика учун қараб келмоқда ёки эҳтиёжманд оилаларни дафтардан тезроқ чиқариш мақсадида, ҳар хил найрангларни ишлатиб келишмоқда. Маълум бўлдики, ҳар бир оилага индивидуал тарзда ёндашилмаган. Секторларда оилалар қайси мезонлар асосида рўйхатга киритилганлиги тўғрисида маълумотлар ҳам мавжуд эмас. Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тақдим этилган рўйхат сектор масъуллари томонидан ўрганилмаган ҳолда қабул қилинган.
Натижада камбағалликнинг олдини олиш бўйича аниқ тадбирлар белгиланмаган. Бандлиги таъминлангани учун рўйхатдан чиқарилган айрим фуқаролар жамоат ишларига вақтинча жалб этилган, холос. Ишга жойлаштирилган фуқаро ўз хоҳиши билан меҳнат шартномасини бекор қилган, дея важ кўрсатилиб, сохта ишга жойлаштириш бўйича маълумотномалар тақдим этилган ҳолатлар ҳали йўқ эмас. Фуқароларнинг «темир дафтар»дан чиқаришга асос қилиб кўрсатилган розилик хатлари компьютерда бир хил шаблонда ёзиб сохталаштирилган. Ачинарлиси, фуқаролардан олинган розилик хатлари асос қилиб кўрсатилган бўлсада, аслида «вақтинча чиқариб турилиши таъкидлангани учун розиман», деган мазмунда рўйхатдан чиқарилган.
Халқ депутатлари туман кенгаши сессияларида депутатларга «темир дафтар»га киритилган айрим оилалар турмуш даражаси яхшилангани туфайли расмийлаштирилган далолатномалар ҳавола этилган. Аксарият ҳолларда кўплаб оилалар турмуш даражасидан қатъи назар, парранда ёки бир бош қорамол берилгани, «Саховат ва кўмак» доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари етказилгани учунгина мазкур дафтардан чиқариб юборилган. Яна бир кўнгилни хира қиладиган масала, айрим оилаларни дафтар рўйхатидан чиқаришга тузилган далолатномаларда оила томорқадан 2 миллион сўм даромад олаётгани, ҳомийлар томонидан амалий ёрдамлар кўрсатилгани қайд этилган ҳамда фуқаронинг розилик хати орқали ушбу дафтардан чиқарилган. Фуқаронинг оилавий шароитини ўрганганимизда эса томорқасида экин майдони мавжуд эмаслиги, розилик хатини ўз қўли билан ёзмаганлиги аниқланди.
Яна бир муҳим жиҳат, бу йилдан «темир дафтар»даги оилаларнинг фарзандларига ОТМга кирганда, биринчи йил учун контракт пули тўлаб бериладиган бўлди. Эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш яхши таклиф, албатта. Лекин ушбу янгилик жойларда коррупция ҳолатларини ҳам келтириб чиқариши, таниш-билишчилик ҳолатлари кўпайишига олиб келиши мумкин. Демак, қатъий назорат ўрнатиш, виждонан ишлаш керак бўлади.
Ўтказилган ўрганиш якунларидан келиб чиққан ҳолда, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг «темир дафтар» юритилиши ҳамда ижтимоий аҳволи оғир оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати тўғрисидаги ҳисоботини парламентдаги ХДП фракцияси мажлисида эшитиш режалаштирилди.
Ушбу материал Ўзбекистон Халқ демократик партияси матбуот хизмати томонидан тақдим этилган.