Бугун мамлакатимизнинг пойтахти бўлган азим Тошкент шаҳрида қурилиш ва ободончилик ишлари қизғин. Мақсад аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, муносиб қулайликлар яратиш, гўзал ва бетакрор мегаполисга айлантириш. Шаҳарда ибратли ишлар кўп. Аммо муаммолар ҳам етарли. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кунора аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар ҳам бунинг яққол исботи.
Хусусан, Тошкент шаҳар Миробод тумани Қўйлиқ-3 мавзеси “Юксалиш” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, ўзлари яшаб турган маҳалласи “Обод маҳалла” дастурига киритилгани, бунинг учун 2 миллиард сўм маблағ ажратилганини, йўллар асфальтланганини маълум қилишган. Аммо таъмирлаш баҳона йўллар, бу ҳам етмаганидек, маҳалладаги болалар майдончаси ҳам бузиб ташлангани, аммо ҳануз таъмирлаш ишлари бошланмаганидан шикоят қилишган.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашидаги депутатларимиз билан маҳаллага бориб, вазиятни ўргандик. Ҳақиқатда муаммолар мавжуд. Мутасадди идоралар билан суҳбатдан маълум бўлдики, тегишли қурилиш материалларининг ўз вақтида етказилмаётгани ишнинг тўхтаб қолишига олиб келган. Таъмирлаш ишларидан мақсад эса маҳалла қиёфасини ўзгартириш, автомобиллар турар жойи, аҳоли дам олиш жойлари қуриш ва бошқа қулайликлар яратиш эканлиги, қурилиш ишлари тегишли лойиҳалар асосида бажарилаётгани маълум қилинди.
Туман ҳокимияти ва қурилиш ташкилоти мутасаддилари қурилиш, таъмирлаш ишларини тез орада бошлашга ваъда беришди. Шундай экан, фуқароларнинг мурожаати ва мутасаддиларнинг ваъдалари партиямиз ва депутатларимизнинг назоратига олинди.
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши