Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора- тадбирлари тўғри сида” ги Фармони билан тасдиқланган 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурининг иккинчи бандида асосан музейларнинг даромад манбаларини кенгайтириш мақсадида улар томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, жумладан, товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишнинг хуқуқий асосларини белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш белгиланган.
Бугун бутун дунёда музейлар тадбиркорлик билан ўзини ўзи таъминлаётган экан, Ўзбекистонда ҳам моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш, шу жумладан, уларни давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш, соҳани рақамлаштириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Соҳада тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланса, биргина Тошкент шаҳрида жойлашган музейлар ташриф буюрувчи маҳаллий ёки хорижий меҳмонлар ҳисобига қаддини тиклаб олади, музейларнинг имконияти ошади.
Музейларни ҳам рақамлаштириш ҳам жуда катта фойда бериши мумкин. Бу орқали катта фойда топиш мумкин. Тўғри, санъат, маданият ва бизнес ўртасидаги муносабатлар кўп ҳолларда ўта мураккаб. Қолаверса, музейларда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишнинг салбий ва ижобий томонлари бор. Музейларни рақамлаштириш нима беради? Гап шундаки, Ер шари аҳолисининг аксарият қисми интернетдан фойдаланади. Музейдаги осори-атиқаларни каталог сифатида интернетга манзиллари билан жойлаштириш ўша муассасага фойда келтиради. Буюртмачи уйда ўтирган ҳолда ҳам музейдаги ёққан асар нусхасига буюртма бериши ва уни чиройли багетга қўйиш мумкин.
Тадбиркорликка кенг йўл очилаётган экан, музей муассасалари эскича қолипда ишлари мумкин эмас, замонавий ёндашиш орқали музейга ташриф буюрувчилар сонини оширибгина қолмай, унинг имкониятларини кучайтиради. Туризм тобора ривожланаётган Ўзбекистонимизда музей ашёларини чиройли ва қулай тартибда тақдим эта олсак, бу Ўзбекистоннинг туристик мамлакат сифатидаги имижини ҳам янада оширишга хизмат қилади. Демак, музейлар фаолиятини муҳофаза қилишда давлат мажбуриятини сақлаб қолган ҳолда, музейларимиз инновацион технологиялардан фойдаланишга ўтишлари фақат тараққиётга етаклайди.
Муқаддас Ўразалиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.