Умумхалқ сайловлари орқали давлат ҳокимияти органларини шакллантириш демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир.
Бу сиёсий тадбир жамиятда фуқароларнинг овоз бериш орқали давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш воситаси ҳисобланади.
Сайловлар демократик тамойилларга асосланиб ташкил этилиши жамиятнинг келгуси ривожланишида муҳим мезон бўлиб хизмат қилади. Конституциямизнинг 90-моддасига асосан Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон фуқаролари томонидан тенг тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида сайланади.
Бу йилги Президент сайлови Ўзбекистоннинг янги ривожланиш босқичида ўтказилаётганлиги билан аҳамиятли.
Президент тўғридан-тўғри сайланганда фуқаролар унинг сайловолди дастури билан бевосита танишиш ва фуқароларни қизиқтирган масалаларга номзод эътиборини қаратиш имконига эга бўлади.
Ўтган давр мобайнида миллий сайлов тизими изчил ва босқичма-босқич ривожланди. Умумэътироф этилган халқаро меъёрларга мос қонунчилик шаклланди. Ўзбекис тон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилиниши билан Ўзбекистонда илк бор сайлов қонунчилиги яхлит шаклга келтирилди.
Фуқаролик жамиятини жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Демократик давлат эса партияларнинг сайловдаги кураши орқали барпо этилади.
Сиёсий партиялар аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини ошириш, уларнинг давлат сиёсатини ташкил этиш ҳамда бошқаришдаги иштирокини таъминлаш орқали давлат ва жамият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат билан мулоқот майдони кенгайди, сиё сий-ҳуқуқий фаоллик кучайиб бормоқда. Шундай тарихий шароитда сиёсий партиялар ҳам ўзини ғоявий-мафкуравий жиҳатдан чуқур ислоҳ этиш йўлидан бормоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси мустақил Ўзбекистон тарихидаги барча парламент ва Президентлик сайловида иштирок этган ягона сиёсий партиядир. Бу жараёнлар партиянинг сиёсий тажрибасини оширди, мафкуравий, ташкилий ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлади.
Маълумки, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда бир қатор мамлакатларда халқ фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган ижтимоий ғояларни тарғиб этаётган сўл партияларнинг таъсири ошиб бормоқда. Жаҳондаги бўлаётган ўзгаришларга қарамай ижтимоий адолат, ижтимоий бирдамлик ғояларига асосланган мафкура ўзининг ҳаётийлиги ва ижтимоий самарадорлигини кўрсатмоқда. Кўплаб сиёсий мафкуралар тушкунликка тушиб, жамиятдаги нуфузини буткул йўқотган пайтларда сўллар мафкураси ўз таъсирини кучайтирмоқда.
Ғолибликни ҳам, мағлубиятни ҳам кўрган Халқ демократик партияси ўз нуқтаи назарини замон билан ҳамнафас тарзда ифода этиб, халқ фаровонлиги учун хизмат қиладиган ғояларни илгари суриб келмоқда.
Партиямиз Ўзбекистонда ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этишни ўзининг олий мақсади, деб ҳисоблайди.
Партия ижтимоий адолат ва тенглик деганда фуқароларнинг ҳуқуқ ва имкониятлардан эркин фойдаланишдаги тенглигини, ижтимоий ва моддий ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида барча бирдай маъсул эканлигини тушунади. Тенглик ва адолат барча – иқтисодий, гуманитар, маданий жабҳаларда мустаҳкам қарор топиши лозим, бу ижтимоий ўсиш ва ижтимоий барқарорликнинг асосий шартидир.
Халқимизнинг тарихий анъаналарида чуқур илдиз отган ижтимоий бирдамлик аҳолининг ижтимоий ҳимояланганлик даражасини ошириш ва муҳим ижтимоий дастурларни ҳаётга самарали татбиқ этишда, давлат ва жамиятнинг барча илғор кучлари, иқтисодий фаол ва моддий таъминланган фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоат институтларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи муҳим омил ҳисобланади.
Ижтимоий демократия – барча учун, шу жумладан, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари учун ҳам бирдай тегишли бўлиб, уларга ўз манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжларига алоқадор бўлган иқтисодий, ижтимоий ва бошқа муаммоларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлари ҳамда бевосита фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали ҳал қилиш имконини беради.
Партиямиз ушбу мақсадга эришиш йўлларини давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларидан келиб чиқиб белгилайди.
Биз мамлакатнинг тобора юксалаётган иқтисодий салоҳияти аҳолининг кам даромадли қатламлари турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш учун хизмат қилиши керак, деган қатъий позицияда турамиз. Бу мамлакатда ижтимоий барқарорлик ва фуқаролар бирдамлигини янада мустаҳкамлашнинг асосий омили ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Депутатларимиз орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириб бориш, жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, ижтимоий ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш борасида тизимли иш олиб борилмоқда.
Барчамизга маълумки, жорий йилда мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайлов бўлиб ўтади.
Партиямиз мазкур сайловда фаол иштирок этишини биринчилардан бўлиб маълум қилди ҳамда сайловга тайёргарлик жараёнларини бошлади.
Октябрь ойида бўлиб ўтадиган мазкур сайлов аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилади. Сиёсий партиялар, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ҳокимиятга, ғоя ва мақсадларини амалга оширишга интилиши кучайган, сайловчиларнинг сиёсий тафаккури юксалган. Айниқса, ёшлар ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатмоқда.
Ҳар қандай сиёсий партия сайлов кампаниясига киришар экан, ўзининг дастурий ғоя ва мақсадларини замон билан ҳамнафас такомиллаштириб боради. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам сайлов кампаниясига киришар экан, ўзининг ғоявий ва дастурий ҳужжатлари, тарғибот воситаларини партия фаолларининг таклифлари асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Сайловолди дастури лойиҳасини тайёрлашда илмий доиралар ва партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот ва муҳокамалар ўтказилиб, аҳолини ўйлантираётган, ечимини кутиб турган масалаларни ҳал қилиш бўйича янгича ёндашувлар ҳамда таклифлар ўрганилмоқда.
Бугунги кунда партиянинг қуйи бўғинлари фаолиятини кучайтириш, аъзолар сафини кенгайтириш, аҳолининг муаммолари ва уларни ташвишга солаётган масалаларни қуйи тизимгача тушиб ўрганиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тарафдорларимизни кўпайтириш учун партиямизнинг маҳаллий ва бошланғич ташкилотлари бўйича қатор ижтимоий-сиёсий тадбирлар ўтказилмоқда.
Президент сайловига партиямиз бутунлай янгиланган стратегия ва дастури билан кириб келмоқда.
Партиямизнинг бутун тизими сайловга пухта тайёрланяпти, ташвиқот гуруҳлари шакллантирилди, улар махсус тренингларда тарбияланяпти. Партия ходимлари ва фаоллари янги ташкилий-ҳуқуқий шароитларда сайловолди ташвиқотини амалга ошириш учун зарур кўникмаларга эга бўлмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси бўлғуси сайловда муваффақиятга эришиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси.
“Ўзбекистон овози”, 7.07.2021, №26