Муносабат ҳали ҳам ўзгармади

 

Депутатлик сўрови нима эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. У ҳақида озми-кўпми тушунчага эгамиз, у кимга жўнатилади, нима учун юборилади, кимнинг манфаатига хизмат қилиши ҳам кўпчиликка маълум. Шунинг учун бу ҳақида узоқ гапиришнинг ҳожати йўқ, назаримизда. Фақат биз ижроия органлари депутатлик сўровларига ўз вақтида асослантирилган тарзда тушунтиришлар бераяптими ёки аксинча ҳолатлар ҳам мавжудми, деган саволга жавоб излаймиз.

 

Сўров бор, жавоб эса шунчаки...

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган ойи давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 62 та депутатлик сўрови киритилган.

Аммо таҳлилларнинг кўрсатишича, депутатлик сўрови институтидан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилувчи айрим масалалар мавжуд. Улардан бири депутат сўровларига мансабдор шахсларнинг совуққонлик билан қараётганидир. Яъни, бугунги кунда депутат сўровига мансабдор шахслар муддатларини кечиктирган ҳолда жавоб қайтариш, сўров юборилган мансабдор шахснинг ўзи томонидан эмас, балки унинг ўрнига бошқа шахслар томонидан жавоб қайтариш, ҳатто баъзи ҳолларда умуман жавоб қайтармаслик (кўпроқ маҳаллий Кенгаш депутатларининг сўровларига) ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Кишини ўйлантирадиган томони, ўтган давр мобайнида депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун жавобгарлик кучайтирилган бўлса-да, шунга қарамай ижро ҳокимияти – вазирликлар, давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг айримлари сўровларга бепарволик билан қараб келмоқда. Бунга сабаб нима? Муаммони кўриб, кўрмасликка олишми ёки масъулиятдан қочишми?..

 

“Дастурга киритилди, киритамиз”, деган билан иш битмайди...

Ушбу масала бўйича парламентдаги фракциямиз аъзоларига ҳам, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизга ҳам боғландик. Фикрлардан бир нарсага амин бўлдикки, жойларда депутатлик сўровига бепарво муносабат давом этмоқда. Сўровларга кўп ҳолларда “дастурга киритилди, келгуси йил давлат дастурига киритилади”, деган жавоб берилмоқда. “Мендан кетгунча эгасига етгунча”, қабилидаги жавоблардан кимга фойда? Майли, муаммо дастурга киритилди ҳам дейлик. Лекин бу масала тўлалигича ҳал бўлди, дегани эмаску.

– Ҳар ойда сайловчилар билан учрашамиз, аҳоли мурожаатларни ўрганамиз, мурожаатларни тинглаймиз, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Муқаддас Ўрозалиева. – Шундай масалалар борки, жойида ҳал бўлади, айримларини эса депутатлик сўрови орқали ечиш мумкин. Ҳар сафар сайловчилар билан учрашувлардан қайтгач, албатта, мутасадди вазирлик ва ташкилотларга маълум бир масалада депутатлик сўрови билан чиқамиз.

Аммо баъзи сўровларга келган жавобларни кўрсангиз, қуруқ гапдан нарига ўтмаганлигига амин бўласиз. Кўп ҳолларда “келаси йилда дастурга киритамиз”, дейилади, тамом. Ўрганиб, тезроқ ҳал қилайлик, деган гапни ҳеч бир мутасадди айтмайди. Вазирлик вилоятга, вилоят туманга жўнатади, гўё. Муаммо ўрганилмасдан, масалалар жойига чиқиб ўрганилмасдан, вазирликдаги бир мутахассис шунчаки жавоб ёзадиганга ўхшайди. Бу депутатлик сўровига беписандлик билан қараш, деб ўйлайман. Ҳамма бир-бирига солса, сансалорлик авж олса, унда муаммони ким ҳал қилади?

– Тўғри, депутатлик сўровларига ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда, – дейди халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Робия Казимова. – Аммо айрим жавобларда аниқлик йўқлиги кишини ўйга толдиради. Жавоб келибди, дея хат жилдини очамизу, “...сўраган масалангиз кейинги йилда ўрганилади..”, ёки “...мурожаатингизга кўра, маълум қиламизки, йўлни таъмирлаш кейинги йилда давлат дастурига киритилади,” каби жавоблардан кўнгил тўлмайди. Чунки кейинги йили дастурга кирмай қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун масала депутат назоратидан олинмайди. Ҳафсаламиз пир бўлади. Депутатга умид боғлаган сайловчига нима деб жавоб қайтаришга ҳайрон қоладиган пайтларимиз ҳам кўп бўлади.

– Депутатлик сўровлари орқали кўплаб муаммоларни ҳал этишга эришяпмиз, инкор этсак инсофдан бўлмайди. Лекин ҳамма ташкилотларда ҳам бу масалага жиддий қаралмаяпти, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шербек Бўронов. – Масалан, кўпинча вазирларга юборган сўровларимизга вазир ўринбосарлари ёки бўлим бошлиқлари имзо чекиб, жавоб беради. Бу нафақат сўровга бепарволик, балки қонунчилигимизга ҳам зид. Чунки сўров қайси раҳбар номига юборилган бўлса, шу мансабдор томонидан жавоб берилиши кераклиги қонунчиликда қатъий белгилаб қўйилган.

 

Вазирлик ёлғон маълумот берган

– Агар масалага чуқурроқ қарайдиган бўлсак, оғирроқ хулоса ҳам келиб чиқади. Парламент депутати сўровига муносабат ижро ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ҳокимиятга муносабатини ҳам ифодалайди. Вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўз тизимидаги муаммоларни кўпинча ҳисоботлар орқали чамалаб кўради. Чунки қуйидан “ҳаммаси зўр”, деган даста-даста қоғоз келади. Баъзида ана шу силлиқ жараёнга депутатлик сўрови ҳалақит беради. Биз сўровда кўтарилаётган муаммоларни одамлар билан бевосита суҳбатлашиб ўрганамиз, жойига бориб, ўз кўзимиз билан кўрамиз. Сўров шунчаки ёзилмайди, унинг ортида юзлаб, минглаб одамларнинг манфаати ифодаланади, ҳақиқий ҳолат, ҳудудлардаги реал вазият кўрсатилади. Бунга бефарқ қараш реалликдан қочишдир, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилором Имомова. – Масалан, 2020 йил 21 май (04/4-06-334-сонли), 2021 йил 11 март куни такрорий (13\03-34-133-сонли) депутат сўровларини Халқ таълими вазирига жўнатдик. Унда 4 та энг аҳволи оғир, таъмирга жуда муҳтож мактаблар бўйича ёрдам сўралган эди. Лекин шу асосида ҳозирча фақат битта яъни, Шаҳрисабз туман 68-мактабда иш бошланди, қолган 3 та мактабда эса аҳвол ўша-ўша...

Шунингдек, 2020 йил 3 июнда (13/03-9-133 сонли), 2021 йил 11 мартда такрорий (13\03-36-133-сонли) депутат сўровлари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига жўнатилган. Унда Шаҳрисабз шаҳри Пудратчи қурувчи ташкилот томонидан янгидан қурилган Шаҳрисабз шаҳар “Ипак Йўли” кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг канализация сувлари “Оммоғон” маҳалласидан оқиб ўтаётганлиги сабабли “Чоршанбе” каналига тўғридан-тўғри ташлаб қўйилгани айтилган. Натижада канал суви ифлосланиб антисанитария ҳолатини келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари, канализациядан чиқаётган ифлос чиқиндилар ёшлар фойдаланиб келаётган спорт майдонини ниҳоятда ифлослантириб, ёмон ҳолатга келтирган. Айни кунларда об-ҳавонинг исиб кетиши натижасида бу ҳолат ҳар хил касалликларни келтириб чиқариши кўтарилган эди. Лекин вазирлик 100 миллион маблағ ажратилган, таъмирлаш ишлари олиб бориляпти, деб ёлғон маълумот берган.

Одамлар яна неччи йил кутиши керак? Дастурга киритилишини кутади, кейин унинг ижросини... Унгача болаларимиз ҳеч қандай шароити йўқ, қишда совуқ мактабларда ўқиши керакми, беморларимиз нураб кетган шифохонага бориши, сифатдан, даводан деярли асар ҳам йўқ тиббий хизматдан фойдаланиши керакми?.. Мансабдорлар, амалдорлар назарига илмаётган, жавоб қайтаришни ўзларига эп кўрмаётган депутатлик сўрови ортида ана шундай оғриқли саволлар бор.

Депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жавобгарлик назарда тутилган. Депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради. Лекин амалда бу механизм ишлаяпти, дейиш жуда қийин.

Энди шу саволга жавоб излаймиз. Бу галги суҳбатдошларимиз айнан ижро органлари вакиллари бўлади. Ҳурматли вазирлик, идораларнинг мутасаддилари, яқин кунларда эшигингизни тақиллатамиз...

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 7.07.2021, №26

← Рўйхатга қайтиш