Бобобековга компенсация ажратилган. Аммо...

 

Кейинги пайтларда турли ижтимоий тармоқларда кам таъминланган, аммо “Темир дафтар”га киритилмаган оилалар томонидан маҳаллий ҳокимиятлар ва идоралар ёрдам бермаётгани юзасидан турли, асоссиз ва асосли шикоятлар тарқатилмоқда.

Худди шундай эътирозлардан бири Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманида икки йил олдин истиқомат қилган Бобобеков Тўлқин томонидан ифода этилган. 2021 йил 5 июль куни “youtube.com” видео хостингида фуқарога истиқомат қилиб келаётган уй асоссиз равишда бузиб ташланганлиги ва 2019 йил апрель ойидан ҳозирга қадар компенсация тўлови тўлаб берилмаганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаати акс эттирилган видео материал тарқалди.

Жиззах шаҳри, Бунёдкор МФЙ, Чимқўрғон кўчасида яшовчи фуқаро Т.Бобобековнинг Ғаллаорол тумани Мустақиллик кўчасида жойлашган хонадони бузилганлигини билдириб, ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўраб ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаати Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилоят ҳамда Ғаллаорол туман кенгашлари масъул ходимлари ва депутатлари томонидан ўрганилди.

Т.Бобобеков хонадонига партиямизнинг бир гуруҳ фаоллари ва депутатлари билан ташриф буюрдик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 январдаги “Жиззах вилоятини ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги Фармони ижросини таьминлаш юзасидан вилоятнинг барча туман марказларида олиб борилаётган ишлар қатори Ғаллаорол туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан туман марказининг Дўстлик маҳалласи, Мустақиллик кўчасидаги собиқ Совет даврида лой девордан қурилган, эски пастқам уйлар ўрнида эндиликда замонавий кўп қаватли турар жой қад ростлаган. Яъни Т.Бобобеков муқаддам яшаган 0,08 га. ер майдонига эга ҳовли марҳум отаси Бобобеков Ўролга тегишли бўлганлиги боис унинг фарзандларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжи учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомига асосан, туманнинг Мирзабулоқ ҚФЙ ҳудудидан якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 0,12 га. ер майдони ажратиб берилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси Жиззах вилояти бўлими томонидан берилган ҳулосасига асосан, пудратчи корхона “Махфуза-О” МЧЖ томонидан уй-жойга етказилган зарар учун 358 252 505 сўм миқдорида пул маблағи қоплаб берилган.

Бундан ташқари, Бобобеков Тўлқиннинг укаси Бобобеков Эркиннинг берган маълумотига асосан, ака-укалар келишган ҳолда маблағни Бобобеков Эркин номига олишган. Берилган маблағлар ўзаро келишган ҳолда ака-ука ва опа-сингиллар ўртасида тенг (50 миллион сўмдан) тақсимлаб олинган. Энг катта фарзанд бўлганлиги ва оилавий шароити инобатга олинган ҳолда Бобобеков Тўлқинга бошқаларга нисбатан 15 миллион сўм кўпроқ (65 млн. Сўм) маблағ берилган. Қолаверса, укаси томонидан 300 дона шифер ҳамда 40 метр темир туника материаллари ёрдам тариқасида берилган. Шунга қарамасдан, Т.Бобобеков ўз ака-укалари билан келишмасдан, улар билан зиддиятга бориб, ҳозирги кунда Жиззах шаҳрида яшаётганлиги аниқланди.

Шунга қарамай, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши маҳалла фуқаролар йиғини ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тегишли тартибда ёрдам кўрсатиш чораларини белгилаб олди.

 

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш