Мамлакатимизда чорвачиликни ва пиллачиликни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Кечагина давлатимиз раҳбари яна бир муҳим ҳужжатга- “Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб – қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Мазкур қарор худуларнинг табиий – иқлим шароитларидан келиб чиқиб, майда шохли молларни кўпайтириш, озуқа базасини ривожлантириш, тери ва жунни қайта ишлаш, улардан ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, яйлов майдонларида табиий равишда ўсувчи каврак плантациялари захираларидан барқарор фойдаланиш, шунингдек, пиллачилик тармоғи озуқа базасини кўпайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ҳажмини оширишга қаратилган.
Бизнинг халқимиз азал-азалдан чорвачилик ва деҳқончилик, пиллачилик билан даромад топиб, шунинг ортидан оила тебратгани ҳаммага аён. Айниқса, тоғли худудларда яшайдиган аҳоли чорвачилик билан бирга, турли гиёҳларни қуритиб, тирикчилик қилади. Сайлов округимдаги 16 мингга яқин аҳоли айнан тоғли Боботоғ худудида истиқомат қилади. Куни-кеча ўз округимга борганимда у ердаги ҳисобсиз пистазорларни кўрдим. Бу билан айтмоқчиманки, бизда шундай кенг бепоён бойликларга тўла тоғларимиз бор, улардан тўғри ва оқилона фойдаланишни тизимли йўлга қўя олсак, келажак авлодларимиз ҳам бу бойликлардан баҳраманд бўлади.
Пиллачилик борасида озгина бўлса ҳам тажрибам бор. Бундан 5-6 йил илгари пиллани даромади паст, қийналган оилалар боқарди. Шундай даврлар ҳам бўлдики, бир қути пилла етиштиргани учун бор йўғи бир халта ун, беш литр ёғ ажратилди. Пилла ҳосилини топширгандан сўнг маблағини ололмасдан сарсон бўлганларни ҳам кўрдик. Бир қути пилладан 55-60 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Бундан кўриниб турибдики, эндиликда икки қути пилла олган оила бир ойда 3 миллион сўмгача даромад олиши мумкин.
Аммо пиллакорни қийнаётган яна бир муаммо бор эди. Бу тут дарахтзорларининг етишмаслиги. Бир қути пилла бир тоннагача барг ейди. Шу боис озуқа базасини, яъни тут плантацияларини кўпайтириш чоралари ҳам қарорда ўз аксини топган. Энг қувонарлиси, пилла етиштирган кишига меҳнат стажи ёзиладиган бўлди. Бу ҳам эҳтиёжманд оилалар ижтимоий ҳимоясига қаратилган тадбирлардан биридир. Ваҳоланки, бир неча ўн йиллар мобайнида пенсия ёшига етган аёллар иш стажини кимга ёздиришни билмай идорама-идора сарсон бўлишган.
Бизнинг ипак матоларимизга ўзимизда ҳам, хорижда ҳам талаб юқори. Қарорда бу соҳани ривожлантиришда тадбиркорларимиз, халқимиз учун жуда катта имкониятлар эшиги очиляпти. Жумладан, 2022 йил 1 январдан бошлаб 2025 йил 1 январига қадар ҳар йили етиштириладиган пилла ҳосилининг бир килограмми учун хонадонларда пилла етиштирувчи жисмоний шахсларга республика бюджети ҳисобидан 5 минг сўм миқдорида субсидия ажратилиши;
тутзорларни суғориш учун фойдаланиладиган сув ҳажмига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланиши;
оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган маблағлар жун йўналишидаги қўйларни, шунингдек, қўлда жун йигириш, ипак матолари, гилам, ва кигиз тўқиш ускуналарини сотиб олишга йўналтирилиши;
Қашқадарё вилоятининг Ғузор ва Деҳқонобод туманлари, Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани ҳамда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон ва Бойсун туманлари жун йўналишидаги майда шохли молларни етиштиришга ихтисослаштирилиши;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори 9-бандида назарда тутилган молиялаштириш тартиби, истисно тариқасида, қўлда жун йигирувчи, гилам ва кигиз тўқувчи ҳамда қўй ва эчки териларидан тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ҳунармандларга нисбатан ҳам тадбиқ этилиши белгилаб берилмоқда.
Шунингдек, қоракўлчилик соҳасини ривожлантириш учун Молия вазирилиги томонидан жорий йилда икки юз миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳам бу соҳага қаратилган эътиборнинг амалий ифодасидир. Ушбу маблағнинг 50 миллиард сўм қисми биринчи босқич сифатида жун йўналишидаги майда шохли молларни етиштиришга ихтисослаштирилган туманларга тадбиркорлик субъектлари томонидан лойиҳаларни амалга ошириш учун белгиланган тартибда кредитлар ажратишга, ажратилган маблағлар ҳисобига ихтисослаштирилган туманлар республика иқлимига мос жун йўналишдаги майда шохли молларни импорт қилиш орқали уларнинг сони оширишга, яйловларда озуқабоп экинларни етиштириш хажми ва ем ишлаб чиқариш қувватлари оширилишига, жун қирқиш ва йиғиш шохобчалари ташкил этилишига, жунни қайта ишлаш қувватлари ташкил этишга ҳамда аҳолини жунни қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўналишида ҳунармандчиликка ўргатилишига сарфланиши белгилаб берилмоқда.
Бундан ташқари қарорда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси номини Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси деб номлаш таклифи ҳам ўз аксини топган. Бундан буён мазкур қўмита яйловлардаги доривор ўсимликларни, шу жумладан, каврак ўсимлигини йиғиш, экиш ва етиштиришни жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилиши ҳам белгилаб берилмоқда.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши пиллачилик, чорвачилик соҳасида янги натижаларга эришиш билан бир қаторда, тадбиркорларга кенг йўл очилишига, янги иш ўринларининг яратилишига ва мамлакатимиз экспорт салоҳиятининг ўсишига хизмат қилади. Жойларда қарор ижросининг таъминланишидан биринчи навбатда оддий одамлар, халқимиз манфаатдор бўлади. Биз депутатлардан эса қарор ижросини таъминлашда Парламент назоратини кучайтириш тақоза этилади.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.