Демократиянинг охирги нуқтаси йўқ

 

Бугун сиёсатга, давлат бошқарувига чинакамига қизиқувчи ёшлар бир бизда эмас, бутун дунёда ҳам кўпмас. Ўзбекистон маҳаллий Кенгашлари тарихидаги энг ёш депутатлардан бири бўлишга эришган Шоҳруҳ Ўктамов шундай ноёб йигитлардан. Ундаги тўғрилик ва самимийликни биринчи суҳбатдаёқ сезасиз. Шоҳруҳ 1996 йилда Фарғонада туғилган, 21 ёшида депутат бўлган. Шу кунга қадар у тўртта китоб ёзибди. Уларнинг номига қаранг: “Дил баёни” (2019 йил), “Дил иҳёси” (2019 йил), “Кашф ул-қалб” (2021). Шу йил бошида нашр этилган “Автоном сиёсатчи” китоби ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Қуйида мазкур китобдан айрим парчаларни ўқинг.

...Аҳамият берганмисиз, сиёсий суҳбатлар осонгина қизиб кетади. Сиёсат ҳақида гапириш одатий ҳолдир, айниқса, сайловлар арафасида.

Ер юзидаги инсонларни ўзига жалб қиладиган ҳар қандай ташкилот ўз сиёсатига эга. Сиёсат ҳар доим кундалик ҳаётимизда марказий ўринни эгаллаб келган ва бу келажакка йўналтиради. Сиёсат, бу – мақсад эмас, балки восита. Бу – маҳсулот эмас, балки жараён. Бу ҳукуматнинг стратегик санъатидир.

Сиёсат ҳақида гап кетаркан, бунда умумислоҳот назарда тутилмаган ҳолда инсонларнинг ноумид бўлиб қолишини назардан четда қолдирмаслик керак. Одамлар сиёсий партияларга ишонишмайди. Сайловчиларнинг фаоллиги ўртачадан юқорироқ.

Сиёсат ҳақида умуман ўйлашни бошлашдан олдин “яхши ва ёмон одамлар ўртасида низо бор” деган тушунчадан воз кечиш зарур. Ҳозирги замон сиёсати инсонларнинг эмас, кучларнинг курашидир. Аслида, сиёсат одамларни столга ўтиришга, бирга ишлашга, муросага келтиришга ва умумий манфаатларга эришиш учун яхши нарсаларга олиб келишга туртки бўлади. Акси бўлса, бу ўз навбатида ижтимоий муаммоларни, жиноятларни келтириб чиқариши мумкин: меҳнатсиз бойлик, ахлоқсиз савдо, инсониятсиз фан ва принципсиз сиёсат.

Сиёсатчилар сиёсий мартабага эришиш ҳақидаги сабоқлари тўғрисида гапирганда, улар ҳокимиятга интилишдаги шахсий манфаатларини камдан-кам эслашади, бунинг ўрнига, улар ўзларининг садоқатлари ҳақида гапиришади...

...Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатига “тугмачани босиш” фурсати етганда, ундан холислик талаб этилади. Уларда танқид қилишнинг ҳам ўзлари ўйлаб топган чегараланиши мавжуд, буни эса ошкор этишмайди. Депутатлар жамият учун оғриқли мавзуларни кўтариб чиққанлиги сабабли, ўзларига келадиган негатив шарҳлардан хавфсирашади. Депутат дипломат ва соғлом фикрли бўлиши керак, айтилаётган сўзлари қоғозда ўз аксини топишига позиция шакллантириши, ҳукумат сиёсатига таъсир кўрсатадиган даражада муваффақиятли бўлсагина, парламент демократияси муаммоларни бартараф этади...

...Умуман олганда, замонавий парламент учта вазифани бажаради: электорат вакили, қонунлар қабул қилиш ва тинглов, сўровлар орқали ҳукуматни назорат қилиш.

Айни ўрни келганда қизиқ ўхшатиш: сизу бизни пойтахтдан вилоятлар, туманларга ҳаракатлантирадиган таксиларнинг ўзига ёки гапларига ишонмаслигимиз ҳеч нарсани ўзгартирмаса-да, барибир ўз манзилимизга етиб боришимизга ёрдам берадилар. Бугунги кунда депутатларга бўлган ишонмаслик хатти-ҳаракатимиз эса улар томонидан ишлаб чиқилган қонунларга таъсир ўтказмаяпти-да. Сўзнинг энг ёмони амалга ошмай, зое кетганидир. Шунинг учун, ишонтиришлари учун биз ишонишимиз керак, ишониш учун улар ишончли бўлиши керак, ишонч бўлиш учун – ҳаммамиз ростгўй бўлишимиз шарт...

...Парламент депутатлари орасида наинки сиёсатда ёш аёллар ва ёшларнинг кўпайиб бораётганидан илҳомланишнинг ўрнига, ёш ва истиқболли шахсларнинг мудраган соҳага кириши менга ноқулайлик туғдиради. Партиялараро мулоқот барча томонларда муросага эришиш ва мамлакатнинг демократик маданиятини ўзгартиришга ёрдам бериши мумкин, деб ҳисоблайман...

...Ичкаридан ажралиб турувчи овозларни ўчириш ўрнига, менимча, фуқароларни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали усули уларнинг хавотирлари ва ташвишларига тўғридан-тўғри йўналтирилган аниқ сиёсатни ишлаб чиқишдир...

...Aгар бизнинг сайланган вакилларимиз ҳақиқатан ҳам жамиятимизнинг ривожланиши ҳақида қайғуришган бўлса, аминманки, улар тун-у кун синчковлик билан ишлашмоқда...

...Демократиянинг ягона ва универсал қўлланиладиган қолипи йўқ. Демократияни такомиллаштиришда охирги нуқта ҳам...

...Демократияни ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлар “демократия шунчаки сайловларни ўтказиш, парламентдаги дебатлар ёки қонунларни қабул қилиш билан чекланмайди”, деган тушунчага асосланиши керак. Дарҳақиқат, демократиянинг ҳақиқий синови унинг қай даражада қамраб олиниши билан ҳам боғлиқ. Демократиянинг муваффақияти одамларнинг қай даражада ривожланганлиги ва демократия меваларидан баҳраманд бўлиш учун тенглик даражасига қараб баҳоланади...

 

“Ўзбекистон овози”, 7.07.2021, №26

 
← Рўйхатга қайтиш