Эътиқод эркинлигини таъминлаш барқарор ривожланиш учун замин яратади

 

Мамлакатимизда миллатлараро ва динлараро тотувликни ҳамда диний эркинликларни таъминлаш борасида чуқур ўйланган сиёсат асосида амалга оширилаётган зарур чора-тадбирлар жамиятимизда, юртимиз фуқаролари орасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат вакилларининг ўзаро тотувлиги, расман рўйхатдан ўтган 16 та дин ва конфессия вакиллари ўртасидаги бағрикенглик муносабатлари юртимиздаги тинчлик ва ҳамжиҳатлик кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу мақсадда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъий назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек, динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш мақсадида ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишдан иборат.

“Таълим тўғрисидаги” Қонунига мувофиқ фуқаролар мажбурий умумий ўрта ёки ўрта махсус таълим олганларидан сўнг диний таълим муассасаларига қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Диний ўқув юртларида диний таълимдан таълим берадиган шахслар профессионал диний таълимга эга бўлиши керак деган норма билан соҳада саводсизликнинг олдини олиш назарда тутилган.

Шунингдек, қонунда маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 нафардан 50 нафаргача қисқартирилди ҳамда рўйхатга олиш органи томонидан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш учун бир ойлик муддат белгиланди.

Диний ташкилот томонидан қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилган, ўз устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда, прокуратура органлари ёки рўйхатдан ўтказувчи орган мазкур қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномани ушбу диний ташкилотнинг раҳбар органларига киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, диний ташкилот фаолияти прокуратура органларининг ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг тақдимномаси асосида суд қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб турилиши белгиланган.

Шунингдек, диний ташкилотнинг фаолияти суднинг қарорида белгиланган муддатга тўхтатиб турилган тақдирда, унинг хайрия фондлари муассиси сифатидаги ҳуқуқлари ҳам тўхтатиб турилади. Шу давр мобайнида, диний ташкилотга тадбирлар ташкил этиш, банк омонатларидан фойдаланиш тақиқланади. Агар диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб туришнинг суд томонидан белгиланган муддати давомида унинг фаолияти тўхтатилиши учун асос бўлиб хизмат қилган қоидабузарликлар бартараф этилса, мазкур муддат тугаганидан кейин диний ташкилот ўз фаолиятини қайтадан бошлаши мумкин.

Диний ташкилот кўрсатилган қоидабузарликни бартараф этмаган тақдирда, мазкур диний ташкилотни тугатиш ҳақида судга тақдимнома киритиши мумкин.

Қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро муносабатлар соҳасида янгича ёндашув ҳамда стратегик мақсаддаги тизимни шакллантириш билан бирга, тинчликни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ривожланиш учун замин яратади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш