Қуруқ баёнотлар ва баҳоналар жамоатчиликни чарчатди – Депутат Ворисова

 

Ўзбек давлатчилигининг асосчиларидан бўлган, тарихда энг катта империялардан бирини барпо этган Амир Темур даврида давлатчилик сиёсати муҳим тўққиз қоидага асосланган. Бугунги кунда ҳам ушбу қоидалар ўз долзарблигини йўқотмаган ва мамлакатни бошқаришда уларга амал қилинмоқда.

Аммо “инсон омили”, деган тушунча пайдо бўлдики, давлат раҳбарияти томонидан қабул қилинган қарор, фармон каби кўрсатмалар ё тўлиқ бажарилмаяпти ёки унинг моҳияти ўзгартириб юбориляпти.

Мисол учун, аҳоли кунда эҳтиёж сезадиган коммунал хизматлар соҳасини олсак. Аҳолини тоза ичимлик суви, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, йўллар, телефон ва интернет алоқаси билан таъминлашни яхшилаш юзасидан аниқ қарор ва кўрсатмалар берилиб, уларнинг ижроси учун маблағлар ажратилмоқда. Зарур ҳолларда хорижий кредитлар жалб қилинмоқда.

Лекин охир оқибат реал вазият яхшиланмаяпти, айнан коммунал соҳадан шикоятлар камаймаяпти. Йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни қисқа вақт ичида ҳал қилишнинг, айниқса, пандемия ва дунёда кечаётган иқтисодий инқироз даврида имкони йўқлигини тушуниш мумкин. Яширмасдан, ёлғон аралаштирмасдан, ҳар хил баҳоналар тўқимасдан ҳақиқий ҳолат ҳақида ахборот бериш шунчалик қийинми?

Фикримча, коммунал соҳага масъул мутасаддилар кейинги йилларда реал иш ўрнига, кўпроқ чиройли баҳоналар ўйлаб топишга уста бўлиб кеттилар. “Тизим ўзи эски эди”, “маблағ берилмас эди”, “ҳали ҳам амаллаб турибмиз”, деганга ўхшаш қуруқ баёнотлар жамоатчиликни чарчатди, эҳтимол шунинг учун ижтимоий тармоқларда норози кайфиятдаги фикрлар кўпайди.

Баландпарвоз гаплардан ҳеч кимга фойда йўқ, бизнинг аниқ таклифларимиз бор.

  1. Коммунал хизмат турлари бўйича ҳар бир абонент билан ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб юридик статусга эга бўлган шартномалар тузилиши керак. Шартномада ҳар иккала томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда шартнома моддалари бузилган ҳолатда кўриладиган чоралар аниқ белгиланиши ва иккала томоннинг манфаатлари ҳимояланиши лозим.
  2. Фуқароларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар тури, ҳажми, тарифлари қонуний белгиланиши, бунинг учун коммунал хизматлар ва тарифлар тўғрисида қонун қабул қилиш керак.
  3. Аҳолининг фойдаланган коммунал хизматлари ва тўланган маблағлар ҳақида маълумотлар шаффофлигини таъминлаш, тизимни тўлиқ рақамлаштириш зарур.
  4. Аҳолининг кам даромадли ва ёрдамга муҳтож қатлами учун асослантирилган имтиёзлар тизимини шакллантириш керак.
  5. Ҳудудларда соҳа фаолиятини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари назоратига олиш, соҳа раҳбарларининг ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш тўғри бўлади.

 

Ҳар йили одамларнинг уйида, иш жойида чироқ ўчади, газ босими пасайиб кетади, масъул ташкилотлар баёнотлари ҳам деярли ўзгармайди. Шунчаси етар, энди тизимни ўзгартириш ҳақида ўйлашимиз керак.

 

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш