Йўл патрул хизмати ходимлари фаолият давомида амал қилмаётган яна бир мунозарали ҳолат бор, Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини махсус аудио ва видео қайд этиш қурилмалари билан жиҳозланган транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда, Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган экипировкада ошкора усулда амалга ошириши керак. Йўлларда хизматни яширин олиб бориш тақиқланади, дейилган.
Аммо амалиётда бунинг аксини кўраяпмиз, махсус мосламалар экипировка қилинмаган енгил автомобилларга ўрнатилган ҳолда яширин усулда хизмат ўтамоқда. Шунингдек, кўчма махсус мосламалар йўлларда яширин равишда ўрнатилган ҳолатлари кузатилди. Очиғини айтиш керак, “Нексия-3” автомобилига радар ўрнатиб, беркиниб “ўлжа пойлаш”дан ким манфаатдор? Халқми ёки ЙҲХБ? Бу баҳсли ва аниқлаштирилиши зарур бўлган масала, деб ҳисоблаймиз. Мазкур талабга риоя этилмаган ҳолда расмийлаштирилган баённомалар юридик кучга эга бўлмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Энг ёмони меъёрий ҳужжатлар ва реал ҳаётдаги номутаносибликлар минглаб фуқароларнинг ноҳақ жарима тўлишига олиб келмоқда, тегишли суд қарорлари буни тасдиқлайди.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, Халқ демократик партияси фракцияси Ҳукуматга қуйидаги қатъий таклифларни билдиради:
Биринчидан, йўл ҳаракати қоидалари чуқур танқидий-таҳлилдан ўтказилиши ва шу асосда уларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши зарур.
Иккинчидан, автомобилларда ҳаракатланган ҳолда махсус мосламалар билан тезликни назорат қилиш амалиётига бутунлай чек қўйиш зарур.
Учинчидан, нафақат стационар, балки барча турдаги радарларнинг жойлашуви онлайн режимда кўрсатилиши керак.
Тўртинчидан, йўлларга радарларни жойлаштириш мезонлари қатъий белгилаб қўйилиши лозим.
Мана шу масалалар ҳал қилинмаса, радарлар ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлиги учунми ёки кўпроқ жарималар йиғиш учунми, деган савол очиқ қолаверади.
Шерзод Раҳмонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси.