Бугун сайловчилар депутатларга катта саволлар беряпти. Улар ислоҳотлар ва уларнинг аҳамиятини тўғри тушуниб, айни пайтда ўзларини ўйлантираётган ва ечимини кутаётган масалалар юзасидан депутатларга қатъий талаб қўйишмоқда.
Айниқса, автомобиль бошқараётган ҳайдовчи ҳамюртларимизнинг деярли барчаси “пана-пастқам”лардаги радарлар оқибатида ёзилаётган жарималар уларнинг ҳамёнига оғир юк бўлиб тушаётгани юзасидан ҳақли эътирозларни билдиришади.
Сайловчиларнинг бу борадаги фикрларидан келиб чиқиб, биз, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган бир гуруҳ депутатлар радарларнинг ўрнатилиши тартиб-қоидалари ва уларга амал қилиниши даражасини ўрганиб чиқдик.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, радарлар ўрнатилганини билдирувчи йўл белгиси ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларда ўрнатилиши шарт. Аммо амалда бу қоидага амал қилинмаётганлиги ўрганишларимиз давомида маълум бўлди.
Маълумотларга кўра, 2018-2020 йиллар давомида фото ва видео махсус воситалари орқали аниқланган йўл ҳаракати қоидабузарликлари ва уларга нисбатан белгиланган жарималар 2018 йил давомида 208,4 млрд. сўмлик, 2019 йилда 481,8 млрд. сўмлик, 2020 йилда эса 724,6 млрд. сўмлик жарималар қўлланилган. 2018 йилга нисбатан тўланган жарима суммаси миқдори қарийб 30 фоизга ошган.
Бугун “ҳа, жарима ёзилган экан, тўлаймизда”, деб бўшлик қилаётгани йўқ, улар ҳақ-ҳуқуқларини талаб қиляпти. Айнан радарлар билан боғлиқ жарималарда улар кўпинча ҳақ бўлиб чиқяпти.
Хусусан, 2020 йил давомида шу соҳа бўйича судларда кўрилган 19134 та ишнинг 89,2 фоизида, жорий йилнинг 1-чорагида эса жами 3481 та кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг 75 фоизида фуқаролар уларга жарималар нотўғри ёзилганини исботлашга эришган.
Аслида мана шу рақамлар ички ишлар вазирлигини чуқур ўйга толдириб, бу йўналишдаги фаолиятини танқидий кўриб чиқишига асос бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Аввало, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш ва киритиш зарур.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3321-моддасида белгиланган тартибни қайта кўриб чиқишни Адлия вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларга ҳавола қиламиз.
Ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланилаётган жарималарнинг миқдорини аҳолининг реал даромадидан келиб чиқиб қайта белгилаш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишимиз лозим.
Халқ демократик партияси аҳолининг кам даромадли қатлами манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган экан, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга бефарқ қараб тура олмаймиз.
Анвархон Темиров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.