Халқ демократик партияси радарлар, жарималар адолатлилиги мавзусини кўтаргани ҳақида ҳар хил фикрлар билдириляпти. Ўрганишларимиз кимларгадир маъқул тушмагани ҳақида гаплар ҳам қулоққа чалиняпти. Асосийси қонун устувор бўлсин, ҳеч ким емаган сомсаси учун пул тўламасин.
Радарлар ва уларнинг яширинча ўрнатилишидан азият чекаётган ҳамрюртларимизнинг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш биз депутатларнинг вазифамиз, деб биламиз. Муҳим мавзуни бир кўтариб, кейин ўз ҳолига ташлаб қўйиш ниятимиз йўқ. Биз бу масалада қатъий турамиз, қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларни замонга мослаштириш таклифи билан чиқамиз.
Қонунчилик палатасида уюштирилган давра суҳбатлари, давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларга қолдирилган изоҳларда жамоатчиликнинг масалага муносабати аниқ кўриняпти. Изоҳ қолдирувчиларнинг аксарият қисми жарималар пандемия даврида иқтисодий қийинчиликларга учраган инсонларга оғирлик қилаётганини маълум қилишган.
Сайловчилар билан учрашувларга бориб-келиш жараёнида шахсан ўзимиз ҳам шаҳарлараро йўлларда махсус белгиларсиз жойларга ўрнатилган радарлар ва ҳеч қандай эпикировкасиз “писмайиб” турган автомобиллардаги радарларга кўп гувоҳ бўляпмиз.
Суриштирдик, ўргандик, шубҳали автомобилга ўрнатилган радарларда ҳайдовчиларнинг тезлигини назорат қилиш фақатгина Ўзбекистонда йўлга қўйилган экан. Бошқа давлатларда тезликни кузатиш ва қайд этиб бориш махсус техника ва камераларга “ишониб “ топширилган вақтда Ўзбекистонда бу иш билан йўл четига автомобилини қўйиб олиб, шубҳали радар воситасини автомобилига ўрнатиб олган айрим шахслар шуғулланишини қонунга хилоф, деб биламиз.
ХДПнинг радарлар бўйича ўрганишлари зое кетмади шекилли, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Ўзбекистон йўлларида ЙҲҚ бузилишини автоматик қайд этувчи мосламалар ҳақида маълумот берибди. Аммо айрим вилоятлардаги радарлар, айримларидаги камералар ҳақидаги маълумотлар очиқланмади.
ЙҲХББ маълумотида айрим вилоятларда фақат стационар фоторадарлар ҳақида маълумот берилган бўлса, айрим вилоятлар бўйича фақат камералар сони келтирилган.
Жумладан, Жиззахда 15 та, Сурхондарёда 4 та, Сирдарёда 11 та стационар фоторадар мавжуд экани айтилган, бироқ ушбу вилоятлардаги камералар ҳақидаги маълумот йўқ.
Хоразм, Андижон ва Наманган вилоятлари бўйича эса фақат камера ҳақида маълумотлар мавжуд. Жумладан, Хоразмда 16 та, Андижонда 82 та, Наманганда 38 та камера мавжуд экан.
Айтиш жоиз, ички ишлар маълумотида жами 127 та стационар фоторадар очиқланган. Бироқ республикадаги жами фоторадарлар сони бундан анча кўпроқ эканига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Қизиғи, бундан бир неча кун аввал ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров парламентдаги йиғилишда бугунги кунда тизимда 271 та фоторадар мосламаси борлиги, уларнинг ҳаммаси онлайн тарзда марказга боғланганини маълум қилганди.
Партиямиз депутатлари ЙПХ ходимлари Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда экипировка қилинмаган енгил автомобиллардан фойдаланган ҳолда яширин усулда хизмат олиб бораётган ҳолатларни ноқонуний, деб ҳисоблайди.
Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик адолатли ва шаффоф тизим орқали аниқланиши зарур. Ички ишлар вазирлиги бу масалага жиддий эътибор бериши зарур, деб ҳисоблаймиз. Ҳар ҳолда, ЙПХ ходимларининг мақсади ҳайдовчиларни қақшатиб, уларнинг “ҳамёнига ҳамла” қилиш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга эришишдан иборат бўлса керак.
Шербек Бўронов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.