Ҳужжатим бор, ҳаққим йўқми?

 

Уч қизи билан яшаётган ёлғиз онанинг саволига жавоб берадиган мард бормикан?..

Оламда орзулар турлича. Биров уним бўлса, биров буним бўлса бахтга эришардим, деб ўйлайди. Шундай оналар борки, фарзандларим ўз уйида чопқиллаб юрса, деб ният қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори асосида даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоп лаб бериш учун давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш белгиланган. Бу эзгу ҳужжат. Лекин ҳаётда уни амалга ошириш осон бўлаётгани йўқ.

Қарорга кўра, субсидиялар уйжой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.

Пойтахтимиздаги Яшнобод тумани “Янги давр” маҳалласида яшовчи Мухбира Файзиева 3 нафар қизи билан ёлғиз. 2014 йил турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг ота-онасиникига кўчиб ўтди. Чунки қайнонасининг уйи да жуда кўпчилик яшашган. У 2017 йилда Яшнобод туман ҳокимиятига уй-жой масаласида мурожаат қилди. Давлат ишида ишламаслиги сабабли ҳокимият томонидан унга уй-жой ажратилмаслиги маълум қилинди.

Мухбира бир йилдан сўнг маҳалладан керакли ҳужжатларни йиғиб, туман хотин-қизлар қўмитасига топширади. Унинг ҳужжатлари бир йил давомида “ўрганилди” ёки эътиборсиз қолдирилди. Аёл порталга ёза-ёза умидини узган вақтда Тошкент шаҳар ҳокимиятидан комиссия келиб, 2019 йилда албатта янги уйга киришларини айтишди. Уларга тумандаги “Иззат” маҳалласида қурилаётган уйлардан ажратилаётган экан. Мухбира Файзиева “уй бериладиганлар рўйхати” да тургани маълум қилинди.

– Янги йил ҳам келди, – дейди у таҳририятга мурожаатида. – Биз уй берилишини интиқлик билан кута бошладик. Кейин март ойидан карантин бошланиб, жараёнлар тўхтаб қолди, дейишди. Шундан сўнг май ойида телефон қилишиб, қарор орқали ҳокимиятдан уй бериш ваколати олингани, мен эса ҳужжатларимни субсидия учун Давлат хизматлари марказига топширишим кераклигини айтишди. Ўша пайтдаги умидсизлигимни кўрсангиз эди. Уч фарзандим билан сарсон бўлиб кетдик. Бошпанага зўрға эришаётганимда шу уй ҳам берилмади. Аммо яна туман ҳокимиятига бордим. Ваколат тугатилган бўлса ҳам, менга уй бериш жараёни тегишли қарордан олдин бошланган-ку. Нега шаклланган рўйхат бекор қилингани, тайёр уйни нега беролмасликларини қайта сўрадим. Чунки ўзим ҳам жараёнга тушунмай қолгандим. Ахир биз учун ажратилган уй қуриб битказилган-ку, уй берилиши ҳақида қарор ҳам чиққан. Лекин улар менга тайинли жавоб айтишмади. Рўйхатда мендан бошқа яна кўп одамлар бор эди. Уларнинг қанчасига уй берилгани ҳақидаги сўровимга ҳам жавоб ололмадим.

Тақдирга тан бериб юрганимда, уйимдагилар ҳужжатларингни топшириб кўр, ахир одамларга уй бериляптику, деб қўйишмади. Яна ҳужжатларимни олиб, “ягона дарча”га кетдим. Бир ой ичида менга 339 миллион сўмгача субсидия ажратилиши ҳақида жавоб хати келди. Фақат кадастр қилинган уйлардан топишим кераклигини айтишди. Ундай уйлар эса жуда қиммат, бериладиган суммага кадастрли уй топиш эса мушкул. Шундай бўлсада, қидира-қидира тумандаги Маҳтумқули кўчасидан уй топдим. Қувониб, шукр қилиб, туман ҳокимиятига мурожаат қилдим. Уларнинг йўналтириши бўйича “Ўзсаноатқурилишбанк”ига бордим. Июнь ойидаги қарор асосида фақат яқин қариндош ларигина кафил бўлишлари керак экан. Дастлаб дадамни кафилликка қўйгандим. Аммо у 60 ёшдан ошгани учун кафиллиги ўтмайди, дейишди. Укамнинг эса маоши кам. Маблағ берилган тақдирда ҳам уй учун тўлаб бориладиган маблағни беришга менинг маошим етмаскан. Иккита жойда ишлайман. Шунда ҳам 2 миллиондан ошиқ маош оламан. Менга фақат 100 миллионгача маблағ ажратилиши ҳақида айтишди. Аммо бу маблағга ҳеч бир уйнинг бошланғич тўловини амалга оширолмайман. Энди нима қилсам бўлади?..

Аёлнинг қўлида ҳужжати бор, сертификати бор. Аммо маблағ, пул олишга ҳаққи йўқ. Ахир кам даромадли, бунинг устига боқувчиси йўқ бўлса. Аслида ойлик маоши кам бўлгани учун ҳам ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд ва кам даромадли ҳисоб ланмайдими?..

Субсидия олиш масаласида Мухбира Файзиева каби сарсон юрганлар, тизим тартибини англолмаётганлар, тушунарсиз қарору ҳужжатлар орқасидан оворо бўлаётганлар талайгина. Ҳукумат томонидан уй-жой масаласида қатор имтиёзлар берилаётгани, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига эътибор қаратилаётгани яхши. Аммо уларнинг ижроси, имтиёзларнинг одамларга етиб бориши масаласи нима бўлади? Қарорлар, низом ва тартиблар бир-бирига зид келиб қолмаяптими? Қарорларга ишонган, умид қилган фуқаролар овора бўлиб юраверадими?

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 7.07.2021, №26

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш