“ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШДА БИРЛАШАЙЛИК”

Бугунги кунга келиб xалқаро тeрроризм, наркотраффик ва одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларнинг инсон хавфсизлигига хуруж қилаётгани боис, улардан жабр чекаётганлар, афсуски, кўпчиликни ташкил этмоқда. Ҳудуд ва чeгара билмайдиган бу жиноятларнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий xавф туғдирмоқда. Улар орасида айниқса, одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Наманган вилоятида 30 июль – Бутунжахон Одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан “Одам савдосига қарши курашишда бирлашайлик” мавзусида семинар ўтказилди. Унда ЎзХДП фаоллари ҳамда бир қатор ижтимоий ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Семинар тадбири Республика Истиқболли авлод ижтимоий-ахборот маркази Наманган бўлими томонидан тайёрланган “Орзулар”номли видеоролик намойиши билан бошланди.

– Дарҳақиқат, бугун юртимизда амалга оширилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг марказида инсон омили турибди. Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун иборасининг амалиётга татбиқ этилгани ҳам бежиз эмас, – дейди Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари Эргашали Абдуллаев. – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида: "Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир", дейилган. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этган кишиларнинг ҳам, бундан жабр кўрган одамларнинг ҳам муддаолари муштарак. Яъни, енгил йўл билан даромад топиш истагида жиноят содир этиш. Бу эса икки тоифадаги одамларни ҳам ҳалокат домига тортмоқда.

Шунингдек семинар давомида сўз олган Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Одам савдосига қарши курашиш бўлими бошлиғи Рустам Джўраев, Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Илхом Атабаевлар инсонлар бойлик орттириш мақсадида ўз қавмини, қариндош-уруғларини, маҳалла-куйда яшаб турган маҳалладошларини турлича алдовлар билан қўшни мамлакатларга яхши ҳақ тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиб ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетаётгани, айниқса бу ишларга аёлларнинг аралашгани кечириб бўлмайдиган ҳолат эканлигини таъкидлаб ўтишди.

 Семинар давомида Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази Наманган бўлими раиси Раъно Нуритдинова томонидан тадбир иштирокчилари ўртасида “Хавфли, хавфсиз вазиятлар” мавзусида тренинг ўтказилди. “Одам савдосини тўхтатамиз” мавзусида буклет ва “Одам савдосига қарши кураш йўналишлари” мавзусида тарғибот лойиҳаси асосида тақдимот намойиш этилди. Шунингдек ижтимоий-ахборот маркази тадбир иштирокчиларига одам савдоси билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масалалар юзасидан боғланиш бўйича Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот марказининг барча вилоятлардаги ишонч телефонлари мунтазам фаолият юритиб келаётгани яна бир бор таъкидлаб ўтилди.

 

Шаҳриёр ҒУЛОМЖАНОВ,

Ўзбекистон ХДП Наманган шаҳар кенгаши

“Тарғиботчилар гуруҳи”аъзоси.

← Рўйхатга қайтиш