"Қўрқса, ҳурмат қилади…" Бу гапни бутунлай унутиш керак

 

Профилактика инспектори қандай инсон бўлиши керак?..

Менимча, у инсонлар ишона оладиган, аҳоли билан қонун ва ахлоқ меъёрларига амал қилган ҳолда гаплаша оладиган, руҳан кучли шахс бўлиши лозим.

Отам ички ишлар соҳасида ишлаган. Оиламизда одатда отам бирор масалада фикр сўрасалар ўйланиб қолардик, сабаби ҳеч қачон хаёлларидаги асл мақсадларини англай олмаганмиз. Саволларига жавобимизни айтганимиздан сўнг, асл мақсадларини, хатоларимизни ўзимиз орқали англата олишлари доимо менга кучли таъсир ўтказган.

Ижтимоий тармоқларда Шайхонтоҳур туманидаги аҳоли ҳамда профилактика инспектори майор Улуғбек Яхшибоев билан бўлиб ўтган хунук манзарадан олинган видео тарқалди. ИИБ матбуот хизмати расмий муносабат билдирди. «Видеотасвирда кўриб турганингиздек, ушбу маҳалла аҳолиси ички ишлар органи ходимининг фаолиятига фаол қаршилик кўрсатишган, вазиятни билмасдан, ҳолатни тўлиқ ўрганмасдан, профилактика инспектори билан конструктив тарзда суҳбатлашмасдан, унга қўполлик қилишган, унинг хизмат кийимига шикаст етказишган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонуний қарор қабул қилиш учун текширув ўтказилмоқда», дейилади хабарда.

Менинг назаримда, ИИБ масаланинг яна бошқа томони тўғрисида жиддий ўйлаши керак. Расмий муносабатда ходимнинг хатти ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришлари айтиб ўтилган, бунга менда умуман шубҳа йўқ.

Бироқ, маънавий ёки психологик тарафлари ҳам назардан четда қолмаслиги керак. Профилактика инспектори чиндан ҳам ҳозирги талабларни тўлиқ бажарса, ҳалқнинг ишончини қозона олганда, унинг ҳаракатларига аҳоли қаршилик қилмасди. Аксинча, ёрдамга шошишарди.

Тарқалган видеода бир фуқаро "мана, менинг дўконимга ўғри тушган, ўша билан шуғулланинг” деяётганидан ҳам профилактика инспекторининг фаолиятига нисбатан маҳалла аҳлида ўзига хос хулоса борлигини англаш қийин эмас.

Тўғри, ҳар бир инсонда характер шаклланган бўлади, профилактика инспекторлари ҳам бу хусусиятдан холи эмас. Лекин инспектор бутун маҳалла аҳлини ўзининг характерига бўйсиндириш ҳақида эмас, маҳалла муҳити ва кайфиятидан келиб чиқиб, маданият билан иш юритиши керак.

Бир неча йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаганман, ўқувчиларга чиндан қайғуриб, мактабда сифатли таълим берадиган ўқитувчи томонидан болаларга баъзан қўполлик қилинса ҳам ота-оналар эътироз билдирмасди, сабаби ота-онанинг ишончини қозонган ўқитувчини ҳурмат қилишади. Бошқа соҳаларда ҳам худди шундай: вазифасини виждонан бажарган инсонларга ишонч бор, ишонч эса ҳурматнинг асосий омили.

Профилактика инспекторлари ҳам ишончни қозониб, халқнинг ичига кириб боришмас экан, бу каби кўнгилсизликлар давом этаверади. Профилактика инспектори кучли психолог, мураккаб вазиятларда тартибни сақлай оладиган, тўғри ҳаракат қилаётгани бўйича одамларни ишонтира оладиган бўлиши зарур. Ишонч эса омонат, омонатга хиёнат қилмаслик орқали ҳурмат қозона олинади.

Агар инспектор “мен орган вакилиман, ҳамма мендан қўрқиши ва айтганимни сўзсиз бажариш зарур”, деган умри тугаган тушунча билан ишласа, ҳеч қачон ҳурмат топа олмайди.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш