Бу йилги қурғоқчилик лалмикор деҳқончилик билан шуғулланувчи Деҳқонобод туман аҳолиси ва деҳқонларини қийин аҳволга солиб қўйди. Экилган экин майдонларининг 90 фоизи яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Деҳқонобод туман кенгашининг йиғилишида қурғоқчилик оқибатларини қисман бартараф этиш мақсадида туман аҳолисини бу йилги куз-қиш мавсумида буғдой унига бўлган эҳтиёжини ва чорва молларини сақлаб қолиш учун “Чорва концентрат” озуқаларига бўлган талабини қондириш бўйича аниқ тизим яратиш таклифи илгари сурилиб, халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимлигига тақдим этилган эди.
Ушбу таклиф, яъни, “Аҳолининг куз-қиш мавсумларида асосан ун маҳсулотига бўлган эҳтиёжини ва чорва молларини сақлаб қолиш учун юқори турувчи ташкилотлар ёрдамига таянган ҳолда аниқ тизим яратиш тўғрисида”ги масала ХДП депутатлик гуруҳи ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология масалалари бўйича доимий комиссияда қўшимча ўрганилиб, халқ депутатлари туман Кенгашининг 2021 йил 2 июлдаги 27-сессияси муҳокамасида кўриб чиқилди.
Сессияда қарори билан ишчи комиссияси тузилиб, комиссия зиммасига бу борада туман аҳолисини, айниқса эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этиш бўйича комплекс вазифалар белгиланди.
ЎзХДП Қашқадарё вилояти
Деҳқонобод туман кенгаши