Вакцинанинг зарари ҳақидаги асоссиз миш-мишларга ишонманг

 

Кейинги пайтда дунёнинг бир қатор мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аҳоли ўртасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайди. Гарчи юртимизда айрим мамлакатлардагидек COVID-19 билан зарарланиш кескин ортиб кетмаган бўлсада, вазият маълум маънода хавотирларга сабаб бўлмоқда. Боз устига, айрим фуқароларда 28 июндан бошлаб карантин чекловлари бекор бўлди, деган нотўғри тушунча пайдо бўлди.

Таъкидлаш керакки, коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият назоратда бўлсада, юқорида айтилганидек, касалликка чалиниш ҳолатлари кўпайган. Буни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинаётган кунлик маълумотлар ҳам кўрсатиб турибди. Шундай бир пайтда хотиржамликка берилиш, касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида мутахассислар томонидан берилган тавсияларга амал қилмаслик, вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин.

Шу боисдан, ҳар биримиз эҳтиёт чораларини кўришимиз, жумладан, ижтимоий масофани сақлашимиз, зарурат бўлмаганда одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормаслигимиз, кўчага чиққандан албатта ниқоб тақишимиз, шахсий гигиена қоидаларига амал қилишимиз зарур. Ушбу қоидаларга амал қилиш орқали касаллик тарқалишининг олдини олишга ҳисса қўшамиз. Бу билан, ҳамшаҳарларимизни, яқинларимиз, оила аъзоларимиз ва албатта, ўзимизни COVID-19 балосидан ҳимоя қилган бўламиз.

Энг асосийси, вакцина олишдан ўзимизни четга тортмаслигимиз, бу борадаги ҳеч бир асосга эга бўлмаган гап-сўзларга ишонмаслигимиз керак. Айниқса, талаба-ёшларимиз бу жараёнда бошқаларга ибрат бўлиши, эмланиш борасида аҳоли қатлами орасида олдинги сафда бўлиши лозим. Коронавирус пандемияси занжирини узишнинг ягона йўли — унга қарши эмлаш экани Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ривожланган давлатлар томонидан бот-бот таъкидланмоқда. Давлатимиз томонидан ҳам аҳолини COVID-19 га қарши эмлаш борасида аниқ чора-тадбирлар кўриляпти. Бу имкониятдан фойдаланиш касалликдан ҳимояланишнинг, ҳаётингизни асрашнинг ягона йўлидир.

← Рўйхатга қайтиш