Қишлоқ аёлларининг турмуш фаровонлиги биз учун муҳим

Қишлоқ аёли, деганда хаёлимизга қишлоқнинг чанг кўчаларида фарзандини қўлидан тутиб мактабга ошиққан, тандирдан эндигина ширмой нонларни узаётган юзи иссиқ, танти аёллар кўз олдимизда гавдаланади.
15 октябрь «Халқаро қишлоқ аёллари куни», деб эълон қилинган. БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги йиғилишида бу ҳақда расман маълум қилинган. Мазкур сана муносабати билан республикамизнинг турли ҳудудларида байрам тантаналари ташкил этилди.
Шундай тадбирлардан бири Бойсун тумани “Чорчинор” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди. “Сен азизсан, танти қишлоқ аёли” шиори остидаги давра суҳбатида ҳамкор ташкилотлар, туман Оила маркази, туман Ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Назира Нормуҳаммедова иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон халқ демократик партияси Бойсун туман кенгаши раиси Зоҳида Ўзбекова сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, партиямиз томонидан опа-сингилларимиз фаровон турмуш кечириш учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, бугунги ислоҳотлар жараёнида аёлларнинг ўрни ҳақида гапирди.
— Халқаро қишлоқ аёллари куни кўтаринкилик билан нишонланяпти, — дейди тадбир иштирокчиси Гулсара Равшанова. — Рости, бундан жуда хурсанд бўлдик. Қишлоқда яшаш қаҳрамонлик, деб ўйламайман. Тоза ҳаво, табиий маҳсулотлар кимга ёқмайди дейсиз?! Оила аъзоларимиз соғ бўлиб, тинч ҳаёт кечирсак шунинг ўзи кифоя.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан ўтказиладиган турли тадбирларда иштирок этганмиз. Масалан, тиббий акциялар, меҳнат ярмаркалари шулар жумласидандир.
«Халқаро қишлоқ аёллари куни» муносабати билан Нурота туманида ўтказилган тадбир ҳам опа-сингилларимизнинг ёдида узоқ вақт қоладиган бўлди.
Туман Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир эрта тонгдан 5-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залида бошланди.
«Матёқуб ўғли Ихтиёр Саидмусо» ва «Саъдулла бобо невараси Ҳабибулла» фермер хўжаликларида бўлиб, тушлик пайтида теримчиларнинг маданий ҳордиқ олишлари учун концерт дастури намойиш этилди. Санъаткорлар дилрабо қўшиқлар куйлади, ишчилар ва кўнгилли ҳашарчилар рақсга тушиб, атрофдагиларга ҳам хушкайфият улашди.
Тадбир доирасида «Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!» шиори остида тарғибот-ташвиқот тадбири ҳам бўлиб ўтди.

                                                                                                                                                                             Ўзбекистон ХДП маҳаллий кенгашлари
                                                                                                                                           Ахборот хизматлари маълумотлари асосида тайёрланди

← Рўйхатга қайтиш